ФИЛЛИТ (юн. phyllon — варақсимон) — серицит ёки хлоритнинг майда тангачаларидан таркиб топган, юпқа варақсимон метаморфик тоғ жинси. Филлит таркибида чақиқ кварц доначалари ва баъзан, альбитнинг янги ҳосил бўлган кристаллари мавжуд. Ранги, одатда, тўқ кулранг ёки кора. Ф. гилли сланецлар ва аргиллитларнинг метаморфизми жараёнида ҳосил бўлади. Метаморфизм даражаси ошган сайин, слюдали сланецларга айланиб боради. Филлитнинг серицитли, хлоритли турлари маълум. Ўзбекистонда Қурама ва Чатқол тоғларида, Фарғона жан. да, Қизилқумда, асосан, биотитли ва хлоритли Филлитлар кўп учрайди.