ФИН ТИЛИ

ФИН ТИЛИфин-угор тиллари оиласидаги болтиқбўйифин гуруҳига мансуб тил. Финляндия, Швеция, АҚШ, Канада, Россия, Норвегия ва б. бир қанча мамлакатларда тарқалган. Ўтган аср охиридаги маълумотларга қараганда, Фин тилида сўзлашувчиларнинг умумий сони 5,5 млн. кишидан ортиқ (Финляндиянинг ўзида 4,8 млн. кишига яқин). Финляндия Республикасининг расмий тили (швед тили билан бирга). Финляндия ҳудудида 8 та асосий лаҳжа ажратилади: жан. ғарбий (суоми), ем (хяме), улар оралигидаги жан. ботник, ўрта ботник, шим. ботник, шим., саво, жан. шарқий.

Фин тили — муайян флектив элементларга эга бўлган агглютинатив тил. Фонологик тизими 8 унли ва 13 ундош фонемадан иборат; уларнинг ҳар бири (j, v, h, d дан ташқари) чўзиқлик даражаси бўйича қарамақарши қўйилади; бу имлода a— aa, o—oo, t—tt, р—рр каби (қисқачўзиқ) акс этади. Баъзи тузилмаларда унлилар гармонияси кузатилади. Унли фонемалар миқдори дифтонглар (16 та) ҳисобига кўпаяди. Морфологик белгилари: жинс категорияси йўқ; отлар 13 келишик билан ўзгаради; феъллар 2 хил тусланишда, 4 майл, 4 замон, 3 шахс шакллари билан ўзгаради, синтаксис соҳасида сўз тартиби нисбатан эркин.

Адабий тилнинг шаклланиши ва ривожланишида 2 давр: эски фин (1540 — 1820) ва янги фин (19-а. нинг 20-й. ларидан бошлаб) даврлари ажратилади. Финляндиянинг швед мустамлакасидан озод бўлгунига қадар (1809) расмий тил сифатида швед тили устунлик қилиб, адабий Фин тили деярли ривожланмаган. Янги Фин тили даври ҳам 2 босқичдан: илк янги фин (1820—70) ва ҳоз. фин (1870 й. дан) босқичларидан иборат. Илк фин даврида адабий тил оғзаки тил билан яқинлашди. 1863 й. дан бошлаб Фин тили расман швед тили б-н тенг ҳуқуқларга эга бўлди: мактаблар ва ун-тларда ўқитила бошлади, унда газ., жур. ва бадиий адабиёт нашр этиладиган бўлди. 19-а. нинг 70-й. ларига келиб хоз. адабий Фин тилининг асослари яратилди. 1919 й. Ф. т. Финляндиянинг расмий тили деб эълон қилинди. Ёзуви лотин графикаси асосида (16-а. дан).