ФИҚҲ

ФИҚҲ (араб. — билиш, тушуниш) — мусулмон ҳуқуқшунослиги, шариат қонунқоидаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи ислом таълимотининг бир соҳаси. «Фиқҳ» сўзи атама сифатида Қуръон ва ҳадисларда қўлланилган. Фиқҳ ислом дини вужудга келиб, халифалик қарор топиши биланоқ дарҳол таркиб топган эмас. Фиқҳнинг қарор топиши Муҳаммад (сав) ҳадислари ва чорёрларнинг айтган гапларини ёзиб олиш билан бирга давом этган. Зайд ибн алҲасаннинг «Мажмуъ алфиқҳ», Молик ибн Анаснинг «алМуваттаъ», Ибн Ҳанбалнинт «алМуснад» китоблари Фиқҳга оид дастлабки асарлар ҳисоблансада, улар муайян мавзуда танлаб олинган ҳадислардан иборат эди. Фиқҳ илми 10-а. га келиб мустақил фан сифатида шаклланган. Фиқҳ билан шуғулланувчи, уни ўрганувчи киши фақиҳ (қонуншунос) деб аталган. Мовароуннаҳрда Бурҳониддин Марғиноний, Абу Лайс Самарқандий ва б. машхур фақиҳлар ҳисобланган. Фиқҳ ислом хуқуқшунослиги сифатида 2 соҳада — шариат манбаларини ишлаб чиқиш (усул алфиқҳ) ва шариатни тайин соҳаларга татбиқ қилиш (фуруъ алфиқҳ)дан иборат бўлган. Исломнинг суннийлик йўналиши хуқуқшунослигида 4 та мустақил ҳуқуқ мазҳаблари — ҳанафийлик, моликийлик, шофиъийлик ва ҳанбалийлик вужудга келган. Фиқҳда бошқа мактаблар хам мавжуд эди, бироқ 14-а. га келиб, мазкур 4 мазҳаб ҳамда бир неча шиалик тариқатларигина сақланиб қолган. Ўрта асрларда ва янги даврда Фиқҳга оид асарлар орасида фатво тўпламлари кўпайди. АлКудурийнинг (1037 й. в. э.) «Мухтасар», Қозихоннинг (1196 й. в. э.) «Фатово», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Ибн Баззознинг (1414 й. в. э.) «Фатово» асарлари бунга мисол бўлади. Улар ичида «Ҳидоя» асари ҳанафийлик мазҳабида катта шухрат қозонган амалий қўлланмадир. «Ҳидоя»га бир қанча шарҳлар ёзилган. Мусулмон фақиҳларининг кўп асарлари қози ва муфтилар учун дастуриламал бўлган, кўпинча маъмурларнинг буюртмаси билан давлат маҳкамалари учун махсус китоблар ёзиб берилган: Абу Юсуфнинг (798 й. в. э.) «Китоб алхараж»и ёки бобурийлар салтанатининг ҳукмдори Аврангзеб (1658—1707) амри билан 1669 й. да бир гуруҳ ҳанафий ҳуқуқшунослар тузган «алФатово алҳиндийа» асари ва б. Ислом мамлакатлари ҳуқуқ тизимида Фиқҳнинг роли доимо бир хил бўлган эмас. Жумладан, 16-а. да усмонли турк салтанатида ва 17-а. 2ярмида бобурийлар давлатидаги ҳуқуқий амалиётда унинг кридалари жуда кенг ва изчил қўлланилди. Бироқ, умуман Фиқҳ ҳуқуқшунослик билан тўлатўкис мое келган эмас. Фиқҳнинг ҳокимият тепасидаги кучларнинг манфаатларини ифодалаган ва давлат томонидан биронбир тарзда қўллабқувватланган қоидаларигина амалдаги ҳуқуққа айланган, фақихларнинг бошқа хулосалари эса ҳуқуқий назария доирасидан ташқари чиқмаган. Ҳоз. вақтда ислом мамлакатларида дунёвий ҳуқуқ тизими амалга киритилмокда, бу эса Фиқҳ таъсир доирасининг муайян даражада торайишига олиб келмоқда. Шундай бўлсада, Фиқҳнинг айрим тармоқлари, тартибқоидалари ва меъёрлари кўпчилик аҳолиси мусулмон бўлган Шарқ мамлакатларининг аксариятида биронбир тарзда қўлланилади.

Ад.: Бурҳониддин Марғиноний, Ҳидоя, Т., 2000; Абдул ваҳҳоб Халлоф, Усул улфиқҳ (Ислом қонуншунослиги асоелари), 1—2 қисм, Т., 1997; 3—4 қисм, Т., 1999; Жузжоний А. Ш., Ислом ҳуқуқшунослиги, ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақи^ари, Т., 2002; Саидов А., Бурҳониддин Марғиноний — буюк ҳуқуқшунос, Т., 1997; Хусниддинов 3., Иелом: йўналишлар, мазҳаблар, оқимлар, Т., 2000.