ФИТОНЦИДЛАР

ФИТОНЦИДЛАР (фито… ва лот. caedo — ўлдираман) — ўсимликлар ҳосил қиладиган фаол модда, бошқа организмлар (асосан, микроблар)ни ўлдиради ёки уларнинг ўсиш ва ривожланишини тўхтатади. Фитонцидлар ўсимликлар иммунитети ва биоценозлардаги организмларнинг ўзаро муносабатларида муҳим аҳамиятга эга. Кимёвий таркиби бўйича — гликозидлар, терпеноидлар ва б. иккиламчи метаболитлардан иборат. Дарахтлар (асосан, игнабарглилар)нинг Фитонцидлар ишлаб чиқариш хусусияти шаҳарларни кўкаламзорлаштиришда аҳамиятга эга. Пиёз, саримсоқ, ерқалампир ва б. ўсимликлар Фитонцидлари қўшилган препаратлар тиббиётда қўлланади.