ФИЗИОТЕРАПИЯ

ФИЗИОТЕРАПИЯ (юн. physis табиат ва therapy — даволамоқ) — клиник тиббиётнинг бир соҳаси; табиий (куёш нури, ҳаво, сув, шифобахш балчиқ) ва сунъий физик омиллар (электр токи, магнит майдони, сунъий ёруғлик манбалари, ультратовуш ва б.) таъсири механизмини ўрганади ва уларни даволашпрофилактика мақсадида қўллаш усулларини ишлаб чиқади.

Қад. Шарқ мамлакатлари, хусусан, Юнонистон ва Қад. Римда табиий омиллардан (айниқса, қуёш, маъданли сув) даво мақсадида фойдаланилган. 18-а. га келиб физиканинг ривожланиши ва электр токи кашф этилиши туфайли Физиотерапия, асосан, электр билан даволаш вужудга келди. Кейинчалик гальваник ток (гальванизация, электрофорез), асимметрик ўзгарувчи ток (франклинизация), юкрри частотали ток (дарсонвализация, диатермия) каби физик омиллар кашф этилиб, даво амалиётида қўлланила бошланди.

Физиотерапия тиббиётнинг илмийамалий махсус бўлими сифатида ривожланди. И. М. Сеченов, Н. Е. Введенский, И. П. Павлов ишларида Физиотерапиянинг назарий асослари ёритиб берилган. Илмий ва амалий Физиотерапиянинг кейинги ривожига Ўзбекистонда М. Файбушевич, Я. К. Мўминов, Р. А. Каценович, З. Д. Долимов ва б. катта қисса қўшдилар.

Кейинги йилларда Ўзбекистон олимлари (Н. М. Мажидов, К. И. Йўлдошев, А. Л. Аляви, С. Н. Бобожонов, Г. А. Содиқова, М. Ю. Алиахунова, З. Р. Зуннунов ва б.) томонидан гидроаэроионизация, ультратовуш, қуёш ва сунъий қизил импульсли ҳамда когерент нурлари, иқлим, маъданли сувлар, бишофит, бентонит, магнит, шифобахш ўсимликлар билан даволаш усуллари, шунингдек, физиотерапевтик муолажаларни ҳужайра даражасида тажрибавий ўрганиш кенг йўлга қўйилди. Физиотерапияда даволаш мақсадида ташқи муҳитнинг табиий (ландшафт, иклим, ёруглик, сув, пелоидлар) ва сунъий физик омиллари (электр ва механик энергиянинг ўзгартирилган усули) ишлатилади.

Физик омиллар одамга унинг бутун эволюцион тараққиёти давомида таъсир этган. Шунинг учун физиотерапевтик даво тадбирлари дори моддаларига қараганда организмга физиологик жиҳатдан кўпроқ ижобий таъсир этади ва нохуш ўзгаришлар кам кузатилади. Физиотерапевтик омиллар организмга энг кичик дозада берилганда аъзолар махсус ҳимоя тизими, яллиғланишга қарши жараёнларни тиклаб, катта терапевтик самарага эришиши мумкин. Физик омилларнинг аъзоларга таъсири замирида танада ҳосил бўлувчи махсус биокимёвий реакциялар ётади. Физиотерапевтик муолажалардан нафас, юракқон томир тизими, овқат ҳазм қилиш, бўғим, нерв тизимлари ва б. хасталикларнинг олдини олиш ҳамда даволаш мақсадида фойдаланилади.

Замонавий Физиотерапияда паст, юқори, ультраюкрри ва ўрта юқори частотали магнит, электр ва электромагнит майдонларидан (индуктотермия, УЮЧ — терапия ва б.), турли ёруғлик нурлари (инфрақизил нурларидан тортиб ультрабинафша ва монохроматик когерент лазер нурларигача), механик тебранишлар (инфратовушлардан ультратовушларгача) ва б. дан ҳам фойдаланилади.

Кенг қўлланиладиган физиотерапевтик омилларга гальванизация, дорили электрофорез, электроуйқу, ДДТ, интерференц ток, амплипульс терапия, флюкторизация, дарсонвализация, индуктотермия, ультратовушли терапия киради.

Ундан ташқари, иқлим билан даволаш, аэротерапия, гелиотерапия, талассотерапия, псаммотерапия, тузли ғор, гидротерапия, шифобахш лой билан даволаш, механотерапия ва б. табиий физиотерапевтик омиллардан ҳисобланади.

Ҳоз. Ўзбекистонда Тиббий тикланиш ва физиотерапия илмий тадқиқот институти ва унинг Термиз филиали, шунингдек, тиббиёт интларининг физиотерапия кафедраларида катта илмий изланишлар олиб борилмокда.

Loading...