ФЛОРЕНЦИЯ МАКТАБИ

ФЛОРЕНЦИЯ МАКТАБИ — 13 16-а. ларда Италиядаги асосий бадиий мактаблардан бири; Илк Уйғониш давридан бошлаб то ренессанс маданияти инқирозигача бўлган даврни ўзида акс эттиради. Флоренция мактаби рангтасвири асосчиси Жотто булиб, унинг ижоди Флоренциянн проторенессанс санъатининг авангардига айлантирган; издошлари (Таддео Гадди, Мазо ди Банко ва б.)нинг ижоди кўндаланг қўйилган масалаларни ҳал қилиш жараёнида ривожланди. Флоренция мактабида 14-а. 3чорагида байналмилал готика ғалаба қозонди (Аньоло Гадди, Лоренцо Монако). Инсонпарварлик ғоялари Илк Уйғониш даври Ф. м. санъатининг гоявий асосига айланди. Меъмор Ф. Брунеллески, ҳайкалтарош Донателло, рассом Мазаччо ва б. ижоди Флоренция мактаби шаклланишида муҳим роль ўйнади. Флоренция мактаби рангтасвири реалистик изланишларнинг давомийлиги, санъат ва фан амалиётлари (перспектива ва б. масалалар)нинг назария ва амалиётлари билан қизиқиши, санъат ва амалиётнинг ўзаро алоқалари билан ажралиб туради (Верроккьо, П. Уччелло ва б.). 15-а. охирида Флоренция мактабида демократик анъаналар (Д. Гирландайо) сақлангани ҳолда Лоренцо Медичи саройида шаклланган аристократлар санъати анъаналари хукмронлиги ортиб борди (Боттичелли, Филлиппино Липпи). Леонардо да Винчи ва Микеланжело ижоди Флоренция мактаби доирасидан чиқиб Юксак Уйғониш даври санъатининг чўққисига айланди. Флоренция мактаби услубий яхлитлиги бу ерда маньеризм тарқала бошлаши билан барҳам топди (Ж. Вазари ва б.).