ФОРС ТИЛИ

ФОРС ТИЛИ, форсий — хиндевропа тиллари оиласидаги эроний тиллар гуруҳининг жан. ғарбий тармоғига мансуб тил; асосан, Эронда (Эрон Ислом Республикасининг расмий тили ҳамда миллатлараро алоқа тили), шунингдек, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Ироқ, Бирлашган Араб Амирликлари, АҚШда, Кавказорти ва Ўрта Осиё республикаларида («эроний» деб аталади) тарқалган. Сўзлашувчиларнинг умумий сони, ўтган аср охирларидаги маълумотларга кўра, 26 млн. кишидан ортиқ. Форс тили тарихида 3 давр фарқланади: қад., ўрта ва янги. Хоз. Форс тили тожик ҳамда Афғонистондаги дари (форси кобулий) тиллари билан биргаликда қад. форс (ахоманийлар сулоласи шоҳларининг мил. ав. 6—4-а. ларга мансуб миххат ёдгорликларидан маълум), ўрта форс (мил. 3—7-а. лар ёдгорликлари) ва мумтоз янги форс (9 — 14-а. лар ёдгорликлари) даврларининг генетик вориси ҳисобланади. Форс тили ўрта асрларда Озарбайжон ва Ҳиндистонда ҳам адабий тил сифатида қўлланган.

Форс тилининг кўплаб лаҳжа ва шевалари бўлиб, теҳрон лаҳжаси уларнинг энг асосийси ва энг кўп ўрганилганидир. Бу лаҳжа ҳоз. адабий Форс тилига асос бўлган. Фонетик хусусиятлари: 6 та монофтонг, 2 та дифтонг, 22 та ундош фонема мавжуд. Чуқур тил орқа ва бўғиз ундошлари бор, урғу, одатда, охирги бўғинга тушади. Морфологик қурилиши аналитик хусусиятга эга, келишик ва жинс каби грамматик категориялар мавжуд эмас. Отлар сон, аниклик ва ноаниклик категорияларига, феъллар шахс, замон, нисбат ва майл категорияларига эга. Феъл ягона тусланиш турига эга ва тузилишига кўра содда ва қўшма феълларга ажралади. Гапдаги сўзлар алоқасида изофали тузилмалар кенг кулланади. Кесим, асосан, ran охирида, эга эса ran бошида, аниқловчи аниқланмишдан кейин келади. Лексикасининг асосини соф эроний сўзлар ташкил этади, лекин арабча ўзлашмалар ҳам жуда кўп (барча лексиканинг 50% игача), шунингдек, турк, француз, инглиз ва б. тиллардан кирган сўзлар ҳам бор.

Форс тили қад. ёзув анъаналарига эга, унда бой адабиёт мавжуд. Дастлабки ёдгорликлари 9-а. нинг 1-ярмига мансуб. Ёзуви араб алифбоси асосида, унга форс тилига хос товушларни ифодаловчи 4 харф қўшилган ҳолда шакллантирилган.

Ад.: Рубинчик Ю. А., Современный персидский язык, М., 1960; Пейсиков Л. С, Лексикология современного персидского языка, М„ 1975.

Анвар Исмоилов.

Prev Article

ФОРОБ

Next Article

ФОРСМАН