ФОТОЭЛЕКТР ҲОДИСАЛАР

ФОТОЭЛЕКТР ҲОДИСАЛАРэлектромагнит нурланиш таъсирида моддаларда юз берадиган электр ҳодисалар (электр ўтказувчанликнинг ўзгариши, э. ю. к. ҳосил бўлиши, электронлар эмиссияси ва б.). Фотон энергияси h v электроннинг каттароқ энергияли ҳолатга ўтишига сарфланадиган ҳолларда юз беради. Фотон энергияси фақат атомни уйғотишгагина етарли ҳолларда, модданинг диэлектрик сингдирувчанлиги ўзгариши мумкин (фотодиэлектрик эффект). Агар фотон энергияси эркин электронлар ва коваклар ҳосил қилиш учун етарли бўлса, у ҳолда жисмнинг электр ўтказувчанлиги ортади (фотоўтказувчанлик). Бир жинслимас яримўтказгичларда, хусусан, р—п ўтиш соҳасида, яримўтказгич — металл контакти яқинида фото э. ю. к. пайдо бўлади. Ўтказувчанлик электронлари фотонларни ютганда ҳам уларнинг ҳаракатчанлиги ортиб, фотоўтказувчанлик ва фото э. ю. к. ҳосил бўлиши мумкин. Фотон энергияси газ атомлари ва молекулаларини ионлаш учун етарли фотоионланиш юз беради. Суюқлик ёки қаттиқ жисм электронлари ютган фотонларнинг энергиялари анча катта ҳолларда электронлар жисмнинг сиртига етиб бориши ва потенциал тўсиқни ошиб ўтиб, вакуумга ёки бошқа муҳитга чиқиши мумкин. Бу ҳолда ташқи фотоэффект деб аталадиган фотоэлектрон эмиссия вужудга келади. Қаттиқ жисм ичида электронларнинг боғланган ҳолатлардан эркин ҳолатларга ўтиши билан боғлиқ Фотоэлектр ҳодисалар «ички фотоэффект» деб аталади. Металларнинг электр ўтказувчанлиги жуда катталиги учун уларда ички фотоэффект кузатилмайди, фақат фотоэлектрон эмиссиягина содир бўлади.