ФОТОЭЛЕМЕНТ

ФОТОЭЛЕМЕНТ (фото… ва элемент) — ўзига тушаётган ёруғликни ютиб, электр токи (фототок) ёки фото электр юритувчи куч ҳосил қилувчи электр асбоб. Иши фотоэлектрон эмиссия ёки ички фотоэффект ҳодисасига асосланган. Фотоэлектрон эмиссия асосида ишлайдиган Фотоэлемент вакуум ҳосил қилинган ёки газ тўлдирилган шиша, ёхуд кварц колба ичига жойланган 2 электрод — фотокатод ва анодли электровакуум асбобдан иборат. Фотокатодга тушадиган ёруғлик оқими унинг сиртида фотоэлектрон эмиссия ҳосил қилади; Ф. занжири туташтирилганда унда ёруғлик оқимига монанд фототок оқими вужудга келади. Газ тўлдирилган Фотоэлементда газнинг ионланиши ва номустақил кучли разряд ҳосил бўлиши натижасида фототок кучаяди. Ички фотоэффект асосида ишлайдиган Фотоэлемент гомоген электронковак ўтишли (р— пўтишли), яримўтказгич, гетероўтишли ёки металляримўтказгич контактли яримўтказгич асбобдан иборат. Бундай Фотоэлементда оптик нурлар ютилиб, заряд ташувчилар концентрацияси зўраяди ва электр юритувчи куч ҳосил бўлади.

Фотоэлементлар, одатда, нурланиш ёки ёруғлик қабул қилгичлари вазифасини ўтайди. Яримўтказгичли Фотоэлемент лардан қуёш батареялари, фотоэлектр генераторларида қуёш энергиясини тўғридантўғри электр энергиясига айлантиришда фойдаланилади. Фотоэлемент автоматика, телемеханика, фотометрия, ўлчаш техникаси, метрология, космонавтика, фототехника, кинотехника ва б. соҳаларда қўлланади.