ФОТОГРАФИЯ

ФОТОГРАФИЯ (фото… ва…графин) — махсус оптик асбоб фотоаппарат ёрдамида ёруглик сезгир фотографик материаллар (махсус модда қопланган қоғоз, шиша, плёнка)да объектнинг оққора ёки рангли тасвирини ҳосил қилиш усули; шундай усулда олинган сурат. Фан, техника ва саноатнинг муҳим соҳаси. Ёруғликнинг фотоаппаратга жойланган фотоматериал (мас, фотоплёнка)нинг ёруғлик сезгир қатламида яширин фотографик тасвир ҳосил қилиш хоссасига асосланган. Кимёвий фотографик ишлов берилгани (кимёвий модда — очилтиргич таъсир эттириб очилтирилгани)дан сўнг кўринадиган тасвир (оддин негатив, кейин позитив) ҳосил бўлади. Бу тасвир фотонусха (фотосурат) деб аталади. Очилтиргич таркибига метол, гидрохинон, параминофенол, амидол, глицин, диэтилпарафенилдиамин (рангли тасвирлар учун) ва б. кимёвий моддалар киради. Очилтирилган тасвирга мустаҳкамлагич модда (фиксаж) таъсир эттириб, фотосурат мустаҳкамланади. Мустаҳкамлагич сифатида натрий тиасульфат (гипосульфит) асосидаги эритмалар (одатда, сувдаги 25% ли эритмаси) қўлланади. Баъзи фотографик жараёнларда «кайтар» фотоматериаллардан фойдаланилади. Махсус кимёвий ишлов берилганидан сўнг уларда бевосита позитив ҳосил бўлади.

Бир погонали диффузион фотографик жараён, яъни фотоаппаратнинг ўзида бир вақтда негатив ва позитив тасвирни жуда тез ҳосил қилиш усули ҳам яратилган. Фотография оққора (монохром) ва рангли, статик ва динамик (кинематография), ясси (оддий) ва ҳажмий (стереоскопик) турларга бўлинади. Ёруглик сезгир материаллардан фойдаланиб ҳажмий (фазовий) тасвирлар олишнинг алоҳида усули голография деб аталади. У 15-а. да объектлар тасвирини проекциялаб, сўнгра қоғозга расмини чизишдан бошланган. Бу усулни Леонардо да Винчи қўллаган. Лекин Фотография ёруғлик сезгир моддалар маълум бўла бошлагач пайдо бўлган. 18-а. да дастлабки ёруғлик сезгир модда сифатида кумуш тузи топилган ва тадқиқ қилинган. Буюк Британияда 1802 й. да Т. Уэжвуд AgNO3 қатламида тасвир олишга эрищди, лекин уни мустаҳкамлаш усулини била олмади. Фотография ихтиро қилинган вақт 1839 й. деб ҳисобланади, чунки шу йили француз рассоми Л. Ж. М. Дагер (француз олими Ж. Н. Ньепс билан ҳамкорликда) Париж академиясига Фотография усули ҳақида ахборот беради. Бунда ёруғлик сезгир қатлам сифатида кумуш иодитдан фойдаланилган. Кейинроқ объектив ихтиро килинди (муаллифи венгриялик оптик И. Пецваль, 1840), инглиз ихтирочиси Ф. СкоттАрчер 1857 й. да ҳўл ёруғлик сезгир материал (коллоидли эмульсия) га асосланган фотожараённи ишлаб чиқди, 1871 й. да унинг ватандоши Р. Мэддокс қуруқ ёруғлик сезгир материалдан фойдаланишни таклиф этди. 20-а. да Фотография асосий ахборот ва ҳужжатлаштириш воситаси бўлиб қолди.

Оптик сенсибиляция ҳодисаси кашф қилинганидан, плёнкали фотоматериаллар, кумуш бирикмалари бўлмаган фотоматериаллар, янги моделдаги фотоаппаратлар яратилганидан сўнг Фотографияни қўлланиш соҳалари анча кенгайди. Ҳозир фототасвирларни бир зумда чиқариб берадиган фотоаппаратлар мавжуд. Фотография астрономия соҳасидаги тадқиқотларда (қ. Астрофотография); астрофизикада (қ. Астрофотометрия), биология, кимё, кинематография, телевидение, космонавтика, тиббиёт, физика, матбаа, матнли ва графикли асл нусхалардан фотографик усулда нусхалар кўпайтиришда, кундалик турмушда кенг қўлланади.

Loading...