ФОТОГРАММЕТРИЯ

ФОТОГРАММЕТРИЯ (фото… грамма ва метрия) — объектларнинг шакли, ўлчами ва ўрнини уларнинг фотосуратлардаги тасвиридан аниклаш билан шуғулланувчи илмий-техникавий фан. Объектларнинг фотосуратлари бевосита махсус фотоаппаратларда, радиолокацион, телевизион, инфрақизилиссиқлик, лазер, электрон ва б. оптик тизимлар ёрдамида олинади. Фотограмметрияда объектнинг якка ёки бир-бирини маълум даражада қоплаб турадиган қўш суратлар (стереожуфтлар) дан фойдаланилади. Фотограмметриянинг объектларни қўш суратлар бўйича ўрганадиган бўлими стереофотограмметрия деб аталади.

Олинган фотосуратлар аналитик усулда ўрганилади (тахлил қилинади). Бу усулдан ташқари, фотограмметрик асбоблар (фототрансформаторлар, стереограф, стереопроектор ва б.)дан фойдаланишга асосланган аналогия усуллари ҳам қўлланади. Фотограмметрия усулларида тинч турган ва ҳаракатдаги объектларни ўрганиш мумкин. Объектни бевосита ўрганишнинг имкони бўлмаган (мас, учиб кетаётган самолёт ёки отилган снарядни ўрганиш), ё бўлмаса, объект жойлашган зонада инсоннинг бевосита бўлиши хавфли бўлган ҳолларда (мас, отилаётган вулкан, ядро портлаши ва б.)да Фотограмметрия усуллари қўл келади. Ф. Ер, сайёралар, Ой хариталарини тузишда, муҳандислик иншоотларини лойиҳалашда, геодезия, ҳарбий иш, космик тадқиқотлар ва б. да кенг қўлланади.