ФРАНС

ФРАНС (France) Анатоль (тахаллуси; асл исмшарифи Анатоль Франсуа Тибо) (1844.16.4, Париж — 1924.12.10, СанСирсюрЛуар) — француз ёзувчиси. Франция академияси аъзоси (1896). Адабий фаолияти библиографик каталогларга битиклар, энциклопедияларга мақола ва тақризлар ёзиш билан бошланган. 60-й. ларда «Парнас» адабий гуруҳи б-н яқинлашган ва бу ҳол унинг илк китоби — «А. де Виньи» (1868) да, шунингдек, «Олтин достонлар» (1873) тўплами ва «Коринф тўйи» (1876) драматик достонида ўз аксини топган. Шундан кейин Франс шеъриятдан узоклашиб, 1879 й. да Ч. Дарвин ва И. Тэн сингари табиий фан намояндалари таъсирида «Иокаста» ва «Қилтириқ мушук» қиссаларини ёзган. Осори атиқалар шайдоси — кекса филолог олимнинг кундалиги тарзида ёзилган «Сильвестер Боннарнинг жинояти» (1881) романи Франсга шоншуҳрат келтирган. Ёзувчи «Таис» (1890) романида фалсафий ва ахлоқий қарашларини ифодалаш учун илк христианлик даврига мурожаат этган. Франс 90-й. ларда яратган бир неча романлари («Саламандра» 1892; «Жаноб Жером Куаньярнинг мулоҳазалари», 1893 ва б.)да донишманд ва дайди аббат Куаньяр ҳамда бошқа қаҳрамонлар образи орқали нафақат 18-а. даги Франция қироллиги, балки 3республикадаги воқеликка ҳам ўз муносабатини ифодалаган. Франснинг Куаньярга бағишланган барча асарлари фалсафий роман жанрида ёзилган бўлиб, уларда сюжет ва воқеа эмас, балки фалсафий мушоҳадалар катта мавкега эга. Франснинг «Қизил гул» (1894) романида ҳиссиётга асосланган муҳаббатнинг мўрт булиши ҳақидаги фикр бадиий мужассамланган. 80—90-й. ларда Франснинг «Валтасар» (1889), «Садаф қутича» (1892), «Авлиё Кларанинг қудуғи» (1895), «Клио» (1900) каби кичик ҳикоя тўпламлари нашр этилган.

Франс 20-а. бошларида социалистларга яқинлашиб, 1905 й. рус инқилобини яхши қарши олган. Ҳатто рус халқи ва Россияга қўшиб олинган халқлар дўстлиги жамиятини тузиб, унга раислик қилган (1905 й. фев.). 1905—07 й. рус инқилобининг мағлубиятга учраши эса унинг руҳияти ва дунёқарашига катта таъсир қилган. У ҳатто тарихда олға ҳаракат йўқ, тарих босиб ўтилган йўлнинг такрорланишидан иборат, шунинг учуи инсоният тарихий тараққиётнинг бир нуқтасида депсиниб туради, деган хулосага келган. Франснинг «Пингвинлар ороли» (1908), «Худолар хоҳиши» (1912), «Фаришталар исёни» (1914) романларидаги сатирик руҳ қисман ёзувчи дунёқарашидаги ана шу пессимистик ҳолат билан изоҳланади.

Франс умрининг сўнгги йилларида болалик ва ўсмирлик йилларига бакишланган «Кичкина Пётр» (1919), «Гулга бурканган ҳаёт» (1922) сингари хотиралари билан бирга фалсафий мазмун билан йўғрилган «Гул тагидаги суҳбатлар» (1917) асарини ёзган. 2 жилдли «Жанна д’ Арк ҳаёти» (1908) тарихий тадқиқоти, «Соков қизга уйланган киши ҳангомаси» (1912) сингари пьесалар муаллифи. «Жаноб Жером Куаньярнинг мулоҳазалари» асаридан олинган «Башарият тарихи» ҳикояси Ойбек томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Нобель мукофоти лауреати (1921).

Ас: Собрание сочинений, т. 1—4, М., 1983 — 84.

Ад.: Лиходзиевский С, Анатоль Франс, Т., 1962; Фрид Я., Анатоль Франс и его время, М., 1975.

Loading...