ФРАНЦИЯ-РОССИЯ УРУШИ

ФРАНЦИЯ-РОССИЯ УРУШИ, Ватан уруши (1812 й.) — рус халкининг Наполеон I босқинига қарши озодлик уруши. 1806—07 й. лардаги ФранцияРоссия урушида рус қўшинлари енгилгач, Тильзит сулҳ шартномасига кўра, Наполеон I Россияни Англияга қаратилган минтақавий қуршов тизимида иштирок этишга мажбур қилган. Россия Англия билан савдо қилишдан маҳрум бўлиб қолгани боис унинг иқтисоди вайрон бўлган. 1810 й. дек. да рус божхонасининг янги тарифи эълон қилиниб, Россияга келтириладиган молларга, жумладан, Франциядан келтириладиган ипак, духоба, вино ва б. га бож солиғи оширилган. Бу Наполеон I нинг Россияга қарши урушга тайёргарлик кўришига туртки бўлган. 1812 й. бошида Наполеон I Россияга қарши биргалашиб урушиш мақсадида Австрия ва Пруссия билан иттифоқ тузган. Наполеон I ўз иттифоқчиларининг ҳудудларини Россия ҳисобига кенгайтиришга ваъда берган. Француз императорининг мақсади, Россияни бўлиб ташлаш, ундан катта миқдорда ўлпон ундириш, бу мамлакатни Франциянинг мустамлакасига айлантириш бўлган.

Россияга қарши юриш учун 1372 тўпга эга бўлган 640 минг кишидан иборат «буюк армия» тузилган. Уларнинг деярли ярмини чет элликлар (австрияликлар, немислар, поляклар, итальянлар, испанлар, швейцарияликлар, португаллар ва б.) ташкил қилган. Рус армиясида 591 минг киши бўлиб, уларда 1620 тўп бўлган. 1812 й. 12 июнда Наполеон I армияси Неман дарёсини кечиб ўтган. Франция-Россия Уруши даги ҳарбий ҳаракатларни 3 даврга бўлиш мумкин: 1 — уруш бошланишидан (июнь) Бородино жангигача (сент.); 2 — Бородино жангидан (сент.) Наполеон I нинг Малоярославецдан чекинишигача (дек.); 3 — Наполеон I армиясининг ҳалокати ва уни Неман дарёсидан ўтиб, Россиядан қочиши (дек.). 18 авг. да Наполеон I Смоленский штурм билан эгаллаб, Москва томон йўл олган. Александр I 8 авг. да фельдмаршал ММ. Кутузовии бош қўмондон этиб тайинлаган. 1842 й. 26 авг. да машҳур Бородино жанги юз берган. Бородино жанги Наполеон I армияси ҳалокатининг бошланиши бўлди. М. И. Кутузов армияни саклаб қолиш ниятида Москвага чекинган ва Фили қишлоғида ҳарбий кенгашда (13 сент.) Москвани ташлаб кетиш ҳақида қарор қабул қилган. Наполеон I Москвага кирган кунидан бошлаб (2 сент.) шаҳарда ёнғинлар бошланган. Озиқ-овқат, емхашак ёндирилган ёки олиб кетилган. Наполеон I, 3 маротаба рус императорига сулҳ тузиш ҳақида мурожаат қилиб, ун-та ўз вакилларини юборган. Аммо Александр I сулҳ тузмаган. Тарутино кишлога якинидаги жангда руслар голиб келганлар (17 сент.). Москвадаги ёнғин натижасида француз армиясини боқишнинг иложи бўлмаган. Босқинчиларга қарши рус халқининг озодлик кураши авжга чиққан. Наполеон I армияси танг аҳволда қолган. Россиядан қочаётган француз армиясини рус қўшинлари таъқиб қилган. Нояб. да Россия ўлкаларида қаҳратон совуқ бошланган. Нояб. ўртасида Наполеон I Березина дарёсидан ўтганда унинг «буюк армия»сидан асар ҳам қолмаган. Наполеон I қўмондонликни Мюратга топшириб, ўзи Парижга равона бўлган. Бу урушда Наполеон I, 550 минглик қўшиндан маҳрум бўлган. Рус империясидаги талафот 200 минг кишини ташкил этган. Бу уруш Европада озодлик курашининг авж олишига туртки бўлган.

Темур Ғиёсов.