ФРЕНОЛОГИЯ

ФРЕНОЛОГИЯ (юн. phren — акл ва … логия) — инсон руҳий хусусиятлари б-н унинг калла суяги тузилиши ўртасида боғланишлар бор, деб ҳисобловчи таълимот. Асосчиси — немис шифокори Франц Галль (1758—1828). 19-а. нинг 1ярмида кенг тарқалган. Френология қобилиятлар одам бош миясининг турли қисмларида жойлашган бўлади, деган фикрни илгари сурган. Ақлий сифатлар катта ярим шарлардаги изчалар орқали изоҳданган. Галль мия харитасини тузиб, унда ҳар бир қобилиятнинг махсус органини тасвирлаб берган. Френология таълимотига кўра, мия айрим қисмларининг ривожланиши калла суяги шаклига таъсир кўрсатади ва унинг тегишли қисмини қабариқ шаклга келтиради. Френология 19-а. да руҳий ташхис услуби сифатида кенг қўлланилган. 1870 й. да Фрич ва Гитциг томонидан миянинг турли қисмларида руҳий ҳаракат марказлари мавжудлиги тўғрисидаги қонуниятнинг кашф этилиши Френологиянинг яроқсизлигини кўрсатди.

Эргаш Ғозиев.