ФРЕОНЛАР

ФРЕОНЛАР — ёғ қатори углеводород фторидлар ва углеводород фторхлоридлар гуруҳи. Фреонлар сувда эримайдиган, органик эритувчилар ва кўпгина сурков мойларида эса яхши эрийдиган газсимон ёки суюқ моддалардир. Фреонлар нисбатан кимёвий инерт, ҳаво билан портловчи аралашмалар ҳосил қилмайди, ёнмайди, лекин аланга таъсирида парчаланиб заҳарли дифтор ва фторхлорфосгенга айланади. Фреонлар сульфат кислота ва концентрланган ишқорлар таъсирига чидамли, техникада қўлланадиган кўпгина металл ва қотишмалар (латун ва магний асосидаги қотишмалардан ташқари) б-н реакцияга киришмайди. Фреонлар водород фторид ёки сурма фторидларга тегишли углеводород хлоридлар таъсир эттириб ҳосил қилинади. Совитиш машиналарида совиткич модда ўрнида (мас, CC13F, CC12F2 ва б.), ёнғинни ўчиришда (мас, CBrF3), баъзи Фреонлар фторли олефинлар ва улар асосида полимерлар олишда хом ашё сифатида қўлланади.