ФРЕСКА

ФРЕСКА (итал. fresco — янги) — рангтасвир асари яратиш усули; асарлари янги нам сувоққа қуриганда юпқа шаффоф кальций карбонат қатлами ҳосил қилувчи сувли ёки оҳак суви қўшилган бўёкларда ишланади. Бунда бўёқлар мустаҳкамланиб, Фресканинг узоқ сақланишини таъминлайди. Шу усулда яратилган рангтасвир асари ҳам Фреска деб аталади. Меъморлик билан боғлиқ ҳолда монументал композициялар яратиш имконини берувчи Фреска деворий рассомликнинг асосий усулларидан. Фреска учун сувоқ асос бир неча қатлам — 1 кием сўндирилган оҳак ва 2 қисм минерал тўлдирувчилар (қум, оҳак, ғишт ёки сопол кукунлари) дан иборат бўлади, баъзан сувоқни ёрилишдан саклайдиган органик моддалар (сомон, пўкак, каноп ва ҳ. к.) қўшилади. Одатда, оҳак билан кимёвий реакцияга киришмайдиган бўёклар ишлатилади. Фреска ранг тусларининг барча имкониятларини юзага чиқаради, фақат бунда бўёқлар қуриганда ўта оқаришини назарда тутиш керак. Ўсимлик бўёклар қуруқ сувоққа елим ёрдамида ётқизилади. Фрескада лессировка муҳим роль ўйнайди, бироқ кўп бўёқ қатламида ранг хиралашади ва оқаради. Фрескадан ташқари қуруқ сувоққа ишланадиган рангтасвир усули (а секко) ҳам қадимдан маълум бўлган.

Фреска мил. ав. 2минг йиллиқдан маълум: эгей санъатида тарқалган, антик бадиий маданиятда юксак даражада ривожланган. Милоднинг дастлабки асрларида Фрескага яқин бўлган бўяма деворий расмлар Шарқ (Ҳиндистон, Ўрта Осиё ва б.) халқларида яратила бошланди. Антик давр усталари Фрескани, одатда, темпера ёрдамида тугатганлар; бу усул Ўрта асрлар Фрескаси (Византия, Қад. Русь, Италия ва б.)га ҳам хос бўлган. Уйғониш даврида италиялик рассомлар (Жотто, Мазаччо, Рафаэль, Микеланжело ва б.) ижодида Фреска янги тараққиёт босқичига кўтарилди, 16-а. дан темпера қўлланилмаган «соф» Ф. тарқалди. 20-а. нинг илғор рассомлари (Италияда А. Боргонцони, Мексикада Д. Ривера, Россияда В. А. Фаворский ва б.) Ф. да ижод қилди, Фреска палитраси кўпгина янги синтетик бўёклар билан бойиди.

Ўзбекистон ҳудудида қадимдан қуруқ сувоққа ишланадиган Фреска усулига яқин деворий расмлар яратилган (Афросиёб деворий расмлари ва б.), 20-а. дан Фреска кенг тарқалди. Фреска санъатининг Ўзбекистонда ривожланишига Ч. Аҳмаров, Н. Кашина, А. Ган ва б. катта ҳисса қўшди.