ФРЕЙД

ФРЕЙД (Freud) Зигмунд (1856.6.5, Фрайберг, АвстрияВенгрия—1939. 23.9, Кемпстед, Буюк Британия) — австриялик психиатр врач, психолог. Фрейдизм асосчиси. 1902 й. дан Вена ун-ти проф., 1938 й. дан Англияда. Фрейднинг дастлабки тадқиқотлари бош мия физиологияси ва анатомиясига бағишланган. 19-а. нинг 80-й. ларида неврозлар муаммосига, 90-й. ларнинг ўртасидан бошлаб эса руҳий тахлил (психоанализ) асосида неврозларни даволаш усулига эътиборини қаратди. Индивиднинг психосексуал ривожланиши назариясини такомиллаштирди, феълатворнинг шаклланиши ва унинг патологиясида болалик даври кечинмаларини асосий ўринга қўйди. Психоанализ қоидаларини инсоният маданиятининг турли соҳалари — мифология, фольклор, бадиий ижод, дин ва б. га жорий килди. Фрейднинг баъзи фикрларини неофрейдизм инкор этади. Асосий асарлари: «Тушлар таъбири» (1900), «Кундалик хаёт психопатологияси» (1904), «Психоанализга кириш бўйича маърузалар» (1910), «Тотем ва табу» (1913), «Мен ва У» (1923), «Мусо ва тавҳид» (1939).

Loading...