ФУКЕ

ФУКЕ (Fouquet) Жан (тахм. 1420 Тур — 1481.8.11) — француз рассоми, Францияда Илк Уйғониш даври санъати асосчиларидан. 1440—45 й. лар Парижда яшаган. 1445—47 й. лар орасида Римда бўлган (А. Филаретедан эмал техникасини, Л. Альберти асарларини ўрганган), Мазаччо ва Ф. Анжеликолардан илҳомланган. 1475 й. дан қирол саройида рассом. Ф. нинг диний ва тарихий мавзудаги китоб миниатюраларида воқеалар реал тасвирланган, асарлари майин колорити, маҳорат билан қўлланган перспективаси билан ажралиб туради («Катта француз хроникалари», Ж. Боккаччонинг «Таниқли эркак ва аёллар ҳаёти», француз тилида, 1458). Фуке яратган портретлар ўта ҳаётийлиги билан ажралиб туради (Карл VII; канцлер Г. Жюванель дез Юрсен ва б.). Шунингдек, Фуке нафис колорити ва расми билан ажралиб турувчи диний композициялар («Мадонна гўдак бн» диптихининг чап бўлаги, тахм. 1451, Нафис санъатлар қироллик музейида, Антверпен ва б.) муаллифи ҳамдир.