ФУНДАМЕНТАЛИЗМ

ФУНДАМЕНТАЛИЗМ — кенг маънода — муайян таълимот ақидаларининг ўзгармаслигини эълон қиладиган, эътиқодни акл далилларидан устун қўядиган, илоҳий китоблардаги ваҳий қайси маънода баён этилган бўлса, шу маънода қабул қилинишини талаб этадиган, айни вақтда уларни мажозий маънода талқин этишга ҳар қандай уринишларни рад этадиган, дин асосларини оғишмай бажаришни қаттиқ талаб қиладиган ижтимоий, мафкуравий, диний йўналишлар. Тор маънода — протестантизмдаги ортодоксал оқимлар. 1910-й. ларда АҚШнинг жан. штатларида пайдо бўлган. Улар христианликнинг анъанавий ақидаларига, айниқса, Библиянинг мутлақо мукаммаллигига ишончни мустаҳкамлашни, уни сўзмасўз шарҳдашга қатьий риоя қилишни талаб қиладилар. 1919 й. Филадельфияда Жаҳон христиан фундаменталистлари ассоциациясига асос солинди.

20-а. нинг 70-й. ларидан Фундаментализм сўзи исломга нисбатан қўлланила бошланди. Ислом Ф. и Қуръон ва ҳадисларни сўзмасўз талқин этиш ва илк исломга қайтишни тарғиб қилади. Кейинги пайтларда мутаассиб мусулмонлар «фундаменталистлар» деб аталмоқда. Ислом Фундаментализми турли йўналиш ва кайфиятдаги гуруҳларни ўз ичига олади. Уларнинг баъзилари террор усуллари билан қонуний ҳокимиятга қарши курашда ўзини намоён этса, бошқалари тарғиботташвиқот ишлари, диний таълим бн, турли жамоат ташкилотлари, мактаб, ун-т, оммавий ахборот воситаларига кириб бориш, аудиовидио кассеталарни тарқатиш билан шуғулланади. Ислом Фундаментализм ига хос бўлган ғоялар—ғарб турмуш тарзи ва ғарб товарларининг истеъмолига қарши кураш, динсиз ёки «соф исломдан чекинган» давлат раҳбарларини жисмонан йўқ қилиш, исломда ширкка барҳам бериш ва б. дир.

Ислом Фундаментализми талқинида азизавлиёлар қабрини эъзозлаш ҳам бутпарастликка киради. Ҳоз. даврда ислом Фундаментализми вакиллари бутун дунёга ёйилиб, ҳар ерда ўз маслакдошларини топишга интилмоқда.

Абулҳасан Нуриймон.