ФУНГИЦИДЛАР

ФУНГИЦИДЛАР (лот. fungus замбуруғ ва caedo — ўлдираман) — қ. х. экинлари касалликларига қарши қўлланиладиган кимёвий моддалар, пестицидларттт бир гуруҳи. Фунгицидлар ўсимликлар касаллиги қўзғатувчиларини йўқ қилади, уларнинг ривожланишини батамом ёки қисман тўхтатади.

Кимёвий хусусиятларига қараб Фунгицидлар анорганик (бордо суюқлиги, оҳаколтингугурт қайнатмаси, туйилган ва коллоид олтингугурт, мис купороси, темир купороси, миснинг хлор оксиди ва б.) ва органик (каптан, вектра, каратан, топаз, бронотак ва б.) бирикмаларига, шунингдек, антибиотиклар қаторига киради. Касаллик қўзғатувчиларига таъсир этишига кўра, Фунгицидлар ҳимоявий (олдини олиш) ва даволовчи турларга бўлинади. Ҳимоявий Фунгицидлар ўсимликларнинг зарарланиши ва касаллик тарқалиши олдини олади, асосан, қўзғатувчиларнинг бўлиниш (кўпайиш) органларини йўқотади. Даволовчи Фунгицидлар ўсимлик касалланганидан кейин замбуруғ мицелийси, қўзғатувчининг кўпайиш органлари ва қишлайдиган босқичларига таъсир этиб, уларни нобуд килади.

Ўсимлик тўқималари ичида тарқалиш хусусиятига кўра, сиртдан ва сингиб (ичдан) таъсир кўрсатадиган турларга бўлинади. Сиртдан таъсир этувчи Фунгицидлар ўсимлик сиртидаги касаллик қўзғатувчиларига бевосита тегиб, уларни нобуд қилади. Уларнинг самарадорлиги таъсир қилиш муддати, миқдори (дозаси), ишлов берилган сатҳдан ушланиб қолиш даражаси, тупроқҳаво шароитларига боғлиқ. Сингиб таъсир этувчи Фунгицидлар ўсимлик тўқимасига барг, тана (поя), илдиз орқали ўтиб, касаллик қўзғатувчиларига таъсир этади ёки ўсимликларда модда алмашинуви жараёнида қўзғатувчиларнинг ривожланишини тўхтатади; самарадорлиги ўсимлик тўқималарига сингиш тезлиги (қисман метеорологик шароитларга боғлиқ) билан белгиланади. Ишлатилиш шароитларига кўра, Фунгицидлар уруғликни дорилашда, тупроқдаги касаллик қўзғатувчиларини йўқотишда, ўсимликларнинг тиним даврида (эрта баҳоркуртак кўкаргунича, кеч куз ва қишда қўзғатувчиларнинг қишлайдиган босқичларига), вегетация даврида (асосан, ёзда касалликларнинг олдини олиш препаратлари), омборларни дудлаш ва пуркашда қўлланиладиган турларга бўлинади.

Ҳоз. даврда 200 дан ортиқ Фунгицидлар маълум, уларнинг 1500 дан ортиқ бирикмалари ва препаратлари дуст, эмульсия концентратлари, суспензия, кукун, ҳўлланувчи кукун, аэрозол, паста кўринишида ишлаб чиқарилади. Фунгицидларни ишлатиш усуллари: пуркаш, чанглатиш, сепиш, уруғликни дорилаш, уруғликни ва омборларни газлаш (фумигация) ва б. Ф. билан ишлашда техника хавфсизлигига амал қилиш лозим.

Ўзбекистон қ. х. да 90-й. лардан бошлаб Япония, Германия, AҚШ, Швейцария, Ҳиндистон фирмаларида ҳамда «Навоий электрокимё заводи» акциядорлик жамиятидя ишлаб чиқарилган юқори самарадор Фунгицидлар қўлланилмоқда. Кўпгина мамлакатларда, шу жумладан, Ўзбекистонда Фунгицидларни қўллаш қонун билан тартибга солинади.

Ад.: Фунгициды, Т., 1980; Ўзбекистон Республикасида ишлатиш учун рухсат этилган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари рўйхати, Т., 2003.

Абдукарим Зикирёев.

Prev Article

ФУМИГАЦИЯ