ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАР

ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАР, апатридлар — муайян мамлакатнинг фуқароси ҳисобланмайдиган ва бирон чет давлат фуқаролигига мансублигини исботлайдиган далиллари бўлмаган шахслар. Шахс ўз фуқаролигини йўқотган ва янгидан фуқаролик ҳуқуқини олмаган вактда фуқаросизлик келиб чиқади. Фуқаролиги бўлмаган шахслар сони кўпайганлиги туфайли фуқаросизликни камайтириш ва Фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳимоя қилишга қаратилган бир қанча халқаро конвенциялар қабул қилинган (мас, Фуқаросизликни камайтириш тўғрисидаги 1961 й. ги конвенция, Эрга теккан аёлнинг фуқаролиги тўғрисидаги 1957 й. ги конвенция).

Ўзбекистонда Фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати Ў«збекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун (1992 й. 2 июль)да ўз ифодасини топган. Ўзбекистон Республикасида яшаб турган, лекин Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўхтатилган, бошқа давлат фуқароси бўлмаган шахсларга ички ишлар идораси томонидан Фуқаролиги бўлмаган шахсларга мўлжалланган истиқомат гувоҳномаси берилади. Фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқаролар каби шахсий, ижтимоийиқтисодий ҳуқуқлардан тенг фойдаланадилар, бироқ сиёсий ҳуқуқлардан фойдалана олмайдилар: олий ва маҳаллий вакиллик органларига сайлана олмайдилар; давлат ҳокимиятининг бошқарув органларида ишлашлари, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташлари мумкин эмас.