ФУҚАРОЛИК

ФУҚАРОЛИК — шахснинг муайян давлат билан доимий сиёсийҳуқукий алоқаси; бу алоқа шахс ва давлатнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларида ифодаланади. Шахс Фуқароликка эга бўлгач, давлат унинг ҳамма ҳуқуқ ва эркинликларини эътироф этади, уларнинг амалга ошишини таъминлаш чораларини кўради. Фуқароларнинг манфаатларини давлат, фуқаролар бошқа мамлакатлар ҳудудида турган вақтда ҳам ҳимоя қилади, уларга ҳомийлик кўрсатади. Ўз навбатида, фуқаролар давлат қонунлари ва қоидаларга сўзсиз риоя киладилар, ўзлари учун белгиланган мажбуриятларни бажарадилар. Бу ҳуқуқ ва мажбуриятлар йиғиндиси фуқаронинг сиёсийҳуқуқий мақомини ташкил этади, фуқаролар ана шу мақом билан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардш ажралиб турадилар. Фуқаролик асосан 2 йўл билан қабул қилинади; туғилганлик далили асосида («филиация») ва натурализация йўли бн. Туғилиш асосида Фуқароликка қабул қилишда 2 хил қоида: «қон ҳуқуқи» ва «тупроқ ҳуқуқи» қоидаси қўлланилади. «Қон ҳуқуқи» деб номланган қоида шу давлатнинг фуқароларидан туғилган шахсни фуқаро деб тан олади (айрим давлатларда отаонасининг бири тегишли Фуқароликка эгалиги етарли). Кайси давлат ҳудудида бу шахснинг туғилганлиги аҳамиятга эга эмас. «Тупроқ ҳуқуқи» қоидаси, фуқаролигидан қатъи назар, агарда шахс мазкур давлат ҳудудида туғилган бўлса, унда ўша шахс фуқаро деб тан олинади. Натурализация йўли билан Фуқароликни қабул килиш мамлакатда яшаб келаётган шахснинг Фуқароликни олиш тўғрисидаги илтимоси б-н боғлиқдир.

Ўзбекистонда Фуқароликнинг ҳуқуқий ҳолати ЎзР Конституциясининг 6бобида ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун (1992 й. 2 июль)да кўрсатиб ўтилган. Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона Фуқаролик ўрнатилган. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги, унга қандай асосларда эга бўлганликдан қатъи назар, ҳамма учун тенгдир. Қорақалпоғистон Республикасининг фуқароси айни вактда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси ҳисобланади. Фуқароликка эга бўлиш ва уни йўқотиш асослари ҳамда тартиби қонун б-н белгиланади.