ФУЗУЛИЙ Муҳаммад Сулаймон

ФУЗУЛИЙ Муҳаммад Сулаймон (1498 Карбало ш., Ироқ 1556) — озарбайжон шоири ва мутафаккири. Озарбайжон, форс ва араб тилларида ижод қилган. Отаси Бает кабиласидан бўлиб, 15-а. охирларида Озарбайжондан Бағдодга кўчиб борган. Бағдод мадрасаларида таҳсил олиб, ўзи ҳам мударрислик қилган. Узоқ вақт Бағдодда яшаган. Озарбайжон ҳукмдори шоҳ Исмоил 1 Сафавий ва Туркия султони Сулаймон 1 Қонуний шоирни моддий жиҳатдан бир оз таъминлаб турганлар. Лекин унинг турмуши кўп вақт қийинчиликда ва камбағалчиликда ўтган. Ироқнинг Бағдод, Ҳилла, Нажаф каби шаҳарларида бир қанча муддат яшаган Фузулий она шаҳри Карбалога қайтиб, шу ерда вабо касалидан вафот этган.

Фузулий бой адабий анъанага эга бўлган форсий ва туркий адабиётнинг Хоқоний Ширвоний, Мужрим Байлагани, Низомий Ганжавий, Саъдий Шерозий, Салмон Соважий, Ҳофиз Шерозий, Атоий, Лутфий, Алишер Навоий ижодини меҳр б-н ўқибўрганиб, уларнинг маҳорат сирларидан баҳраманд бўлган. Шоир ижодига, айниқса, Лутфий билан Навоий кучли таъсир кўрсатган.

Фузулий девон тузиб, уни «Муҳаббатнома», «Фарзанди дилбанд» деб таърифлаган. Шоир ишқий лирикасида инсоннинг маънавий олами, жўшқин ҳистуйғулар туғёни, олижаноблик билан жаҳолат, очкўзлик ўртасидаги кураш, инсонга самимий, юксак муҳаббат билан боғлиқ ботиний кечинмалар акс эттирилган. Фузулий поэтик меъросининг асосий қисмини ғазал ва қасидалар ташкил этади. Лутфийнинг (16-а.) ёзишича, ғазалиётда Фузулийнинг «Навоийга ўхшаш ғаройиб бир ёқимли йўли ва ажойиб бир услуби бор» бўлган. Шеърларида лирик қаҳрамоношиқнинг руҳий кечинмаларини, қалб сирларини бутун ички қарамақаршиликлари билан мумкин қадар теран тасвирлашга эришган. Бунда ошиқ ўз маҳбуби йўлида ҳар қандай азобуқубатларни енгувчи, комил инсон сифатида намоён бўлади.

Фузулий ижодининг чўққиси «Лайли ва Мажнун» достони (1536—37)дир. Асар лирикэпик характерда бўлиб, Шарқда машҳур бўлган анъанавий сюжет ва образлар асосида яратилган ва туркийзабон халкдар ўртасида кенг тарқалган. Саъдийнинг «Гулистон» ва «Бўстон», Ҳофизнинг «Девон», Абдураҳмон Жомийнинг «Баҳористон», Навоийнинг «Чор девон» китоблари қаторида, Фузулий асарлари ҳам мадрасаларнинг ўқув дастурига киритилган. Фузулийнинг «Матлаъ улэътиқод» фалсафий рисоласи, «Ҳадиқат уссуадо», («Бахтиёрлар боғи»), «Суҳбат уласмор» («Мевалар мунозараси»), «Шикоятнома», «Бангу бода» («Банг ва бода»), «Анисулқалб», («Қалб дўсти») «Етти жом» ёки «Соқийнома», «Ринду Зоҳид», «Сиҳҳат ва Мараз» («Соғлик ва беморлик») каби назмийнасрий, фалсафийдидактик асарлари озарбайжон адабиётининг энг нодир дурдоналари ҳисобланади. Бадиий юксак асарлари билан озарбайжон адабиётини янги босқичга кўтарган Фузулий шеърларининг асосий мавзуси ҳам, ҳаракатлантирувчи кучи ҳам, бу шеърларни ичдан нурлантириб турган қувват манбаи ҳам ишқ. Мутасаввиф шоир сифатида илоҳий муҳаббатни улуғлаган, дунёга берилишни қоралаган. Инсонни камолотга олиб борадиган фазилатларни тараннум этиб, уни тубанлаштирадиган иллатларни танқид қилган.

Фузулий ўзидан кейинги барча туркийзабон шоирлар, жумладан, ўзбек шоирларига ҳам кучли таъсир кўрсатган. Фузулий таъсирида, унга эргашиб шеърлар битиш, шоир ғазалларига назирататаббуълар ёзиш, мухаммаслар боғлаш деярли барча шоирлар ижодида учрайди. Фузулийнинг озарбайжонча девони ўзбек халқи орасида 18 — 19-а. лардаёқ кенг тарқалган ва бир неча бор ўзбек тилида нашр қилинган. Ғазал, мураббаъ ва мухаммаслари куйга солиниб, асрлар давомида хонандалар томонидан куйланиб келмокда («Шифойи васл қадрин ҳажр ила бемор ўландан сўр…» ва б.). Атоқли озарбайжон бастакори Узайр Ҳожибеков 1908 й. «Лайли ва Мажнун» достони асосида биринчи озарбайжон операсини яратган. 1958 — 61 й. ларда Ҳамид Арасли таҳририда Фузулий асарларининг тўла илмийтанқидий нашри яратилди. Девонининг 1581 й. кўчирилган нусхаларидан бири Ўзбекистон ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик ин-ти қўлёзмалар фондида сакланади.

Ас: Девон, Т., 1961; Муҳаммад Фузулий [Асарлар], 2 ж. ли, Т., 1968.

Ад.: Арасли X., Великий азербайджанский поэт Физули, Баку, 1958; Жалолов Т., Фузулий //Фузулий. Девон, Т., 1961.

Prev Article

ФУЗАРИОЗЛАР

Next Article

ФУКУОКА