ФЁДОРОВ Владимир Иванович

ФЁДОРОВ Владимир Иванович (1955.5.1, Тошкент вилояти — 1979.11,8, Днепродзержинск ш. яқинидаги Куриловка қишлоғи) — футболчи, халқаро миқёсдаги спорт устаси (1976). Тошкентдаги олимпия захиралари билим юртини тугатгач, «Пахтакор» жамоасида ҳужумчи (1972—1979). Олий ва биринчи табака ўйинларида 187 (108+79) марта майдонга тушиб, 58 (26+32)та тўп киритган. 1974 ва 1976 й. да мамлакатнинг энг кучли 33 футболчиси рўйхатидан жой олган. Ёшлар терма жамоаси таркибида Европа чемпиони (1976), олимпия терма жамоаси сафида олимпиада бронза медали совриндори (1976, Монреаль). Ф. авиация ҳалокатида нобуд бўлган. Куриловка қишлоғидан келтирилган рамзий хоки Тошкентдаги Боткин қабристонига дафн этилган. Тошкент ш. даги кўчалардан бирига унинг номи қўйилган.