ГАБОН (Gabon), Габон Республикаси (Republique Gabonaise) — Марказий Африкадаги давлат. Майд. 267,7 минг км2. Аҳолиси 1,19 млн. киши (1997). Пойтахти — Либревиль ш. Маъмурий жиҳатдан 9 вилоят (провинция)га бўлинади.
Давлат тузуми. Габон — республика. 1990 й. майда қабул қилинган ва 1997 й. апр. да тузатишлар киритилган конституция амал қилади. Давлат бошлиғи — президент (1967 й. дан Омар Бонго). У умумий тўғри сайлов ҳуқуқи асосида 7 й. муддатга сайланади ва қайта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият — икки палатали парламент (Миллат мажлиси ва Сенат). Ижроия ҳокимиятни президент б-н Вазирлар Кенгаши амалга оширади. Вазирлар Кенгашининг аъзолари ва бош вазир президент томонидан тайинланади ва унинг олида масъулдирлар.
Табиати. Габон экваториал ва субэкваториал ўрмонлар минтақасида жойлашган. Габоннинг ички қисмини Жан. Гвинея қирлари эгаллаган. Шайю тоғларидаги Ибунжи чўққисининг бал. 1580 м. Ундан шим.ғарбда Хрусталь тоғлари (Дана чўққиси 1000 м) бор. Атлантика океани соҳилини эни 200 км гача бўлган паеттекислик эгаллаган. Фойдали қазилмалардан марганец, уран, темир рудаси бор. Иқлими иссиқ ва сернам, экваториал ва субэкваториал иклим. Июлнинг ўртача т-раси 22—24°, апр. да 25^27°. Ўртача йиллик ёғин 1500—2000 мм, океан соҳилида эса 2500—3000 мм. Дарёлари куп ва серсув. Энг катта дарёси Огове. Габон ҳудудининг 80% и калин доимий яшил ўрмонлар. Тупроғи қизил-сариқ латерит тупроқ. Ўрмонларда қимматбаҳо ёғоч олинадиган қизил, сариқ, эбен, сандал, окуме ва б. дарахтлар ўсади. Соҳил мангра ўрмонлари билан қопланган. Ҳайвонлардан фил, буйвол, қоплон, кийик, сиртлон, маймунлар, дарёларда бегемот, тимсоҳ ва б. яшайди. Ҳар хил қушлар, ҳашаротлар (жумладан цеце пашша) кўп. Миллий боғлари: Вонга-Вонг, Оканда.
Аҳолиси асосан фанг, мпонгве, мбете, пуну ва б. Расмий тил — француз тили, аммо аҳолининг кўпчилиги фанг, баньяби ёки бакота тилларида сўзлашади.
Диндорлар — асосан христианлар (70%). Аҳолининг 20% анъанавий динларга эътиқод қилади, 10% мусулмонлар. Аҳолининг 45,7% шаҳарларда яшайди.
Тарихи. Габоннинг қад. ва ўрта асрлардаги тарихи кам ўрганилган. Габонга европаликлар кириб келган вақгда (1485 й. да биринчи бўлиб Португалия денгизчилари пайдо бўлган) бу ерда қабилауруғчилик тузуми емирилаётган эди. 16-а. даёқ Европа (Португалия, Франция, Голландия, Англия) ва Америка қул савдогарлари Габонни Экваториал Африкада қул овланадиган асосий майдонга айлантирганлар. 1839 й. дан французлар Габон дарёсининг қирғоғида ўз қишлоқларини қуриб, мамлакатни аста-секин босиб ола бошладилар. Габон халқининг мустамлакачиларга қарши кураши 1-жаҳон урушигача давом этди. Габон дастлаб Франция Конгосининг бир қисми эди. 1886 й. дан алоҳида маъмурий бирликка айланган. 1903 й. да (1910—58 й. ларда Француз Экваториал Африкаси таркибида) расман Франция мустамлакаси деб эълон қилинди.
2-жаҳон урушидан сўнг Габоннинг турли жойларида бошланган миллий озодлик кураши уюшган оммавий ҳаракатга айланди. 40—50-й. ларда дастлабки миллий партиялар ва касаба уюшмалари ташкил топди. 1958 й. да Габон ички мухторият ҳуқуқига эга бўлиб, Франция Ҳамкорлиги аъзолигига қабул қилинди ва шу йили республика деб эълон этилди. 1960 й. 15 июлда Франция ҳукумати Габонга мустақиллик беришга мажбур бўлди, 17 авг. да эса Габон мустақил давлат деб эълон қилинди. Габон 1960 й. дан БМТ аъзоси. 1992 й. 10 янв. да ЎзРнинг суверенитетини тан олган. Миллий байрами — 17 авг. — Мустақиллик куни (1960).
Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари. Габон демократик партияси, ҳукмрон партия, 1968 й. да тузилган; Г. тараққиёт партияси, мухолифатдаги партия; Миллий тикланиш учун ҳаракат (МОРЕНА), мухолифатдаги партия, 1981 й. да тузилган. Габон касаба уюшмалари конфедерацияси, 1969 й. да асос солинган.
Хўжалиги. Габон табиий ресурсларга бой бўлишига қарамай, иқтисодий жиҳатдан орқада қолган. Ялпи ички маҳсулотда саноат улуши 52,8%, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги улуши 11,4%. 1950 й. охиридан кончилик саноати ривожлана бошлади (асосан Франция капитали ҳисобига). Қ. х. да майда деҳқон хўжалиги устун. Жамоа ва хусусий ер эгалиги мавжуд. Экспорт қилинадиган асосий экин маҳсулотлари кофе ва какао. Қ. х. да ер ёнғоқ, қалампир, маниок, банан, маккажўхори, шоли, ёғли пальма ва б. етиштирилади. Чорвачилик суст ривожланган. Атлантика океанининг Габон соҳилига яқин жойларида балиқ ва кит овланади. Овчилик (жумладан, фил суяги тайёрлаш), ёввойи дарахт меваларини териш аҳолининг қўшимча машғулотидир.
Габоннинг соҳилидан ва унга ёндош шельф кисмидан нефть ва табиий газ олинади. Йилига 914 млн. кВт-соат электр энергияси ҳосил қилинади. Габон окуме ёғочи тайёрлашда дунёда 1-ўринда. Африкада энг катта фанер з-ди Порт-Жантилда (йилига 60 минг куб метр фанер тайёрлайди). Ишлаб берувчи саноати қ. х. маҳсулотлари (шоли, кофе, пальма ёғи ва б.)ни қайта ишловчи корхоналардан иборат. Пуэнт-Клереттда йилига 600 минг т нефтни қайта ишловчи з-д мавжуд. Пиво з-ди, тегирмон, кислород-ацетилен з-ди, кема қуриш корхоналари, тўқимачилик, тикув ф-каси бор.
Т. й. узунлиги — 652 км, автомобиль йўллари уз. — 10 минг км га яқин (2 минг км га яқини қаттиқ қопламали). Кема йўлларининг умумий уз. — 1700 км. Муҳим денгиз портлари — ПортЖантиль ва Либревиль. Бу шаҳарларда халқаро аэропортлар бор. Габон четга нефть, марганец рудаси, уран концентрати, ёғоч, ёғоч маҳсулотлари, какао, кофе чикаради. Четдан машина ва ускуналар, транспорт воситалари, озиқ-овқат, металл, металл буюмлар, газлама ва б. келтиради. Ташқи савдодаги мижозлари: Франция, Германия, АҚШ, Япония, Жан. Корея ва Буюк Британия. Пул бирлиги — Африка франки.
Маданияти. Габон мустақилликка эришган пайтда 14 ёшдан катта бўлган аҳолининг 77% и саводсиз эди. 1959 й. да 6—16 ёшли болалар учун мажбурий таълим ҳақида қонун қабул қилинди. Дарслар француз тилида ўқитилади. Ўқиш муддати бошланғич мактаблар-да 6 й., тўлиқсиз ўрта мактаб (коллеж) ларда 4 й., тўлиқ ўрта мактаб (лицей)ларда 7 й. Профессионал таълим бошланғич мактабни тугатганларни қабул қиладиган 2 босқичли (4 ва 3 й. лик) техника лицейларида ва 3 й. лик техника коллежларида амалга оширилади. 1970 й. Либревилда Миллий ун-т ташкил этилган. Илмий муассасалари: Тропик ўрмончилик тадқиқот маркази, Фан ва техника бўйича тадқиқот бюроси, Геол. ва кончилик тадқиқот бюроси, Тропик қ. х. илмий тадқиқот ин-ти. Илмий тадқиқотлар Либревиддаги ун-тда ҳам олиб борилади. Ун-тда кутубхона мавжуд.
Габонда «Габон-матэн» («Тонгги Габон»), Насьоналист» («Миллатчи»), «Юньон» («Иттифоқ»), «Патриот» («Ватанпарвар»), «Журналъ офисьель де ла Репюблик Габонэз» («Габон Респуб-ликасининг расмий газетаси») каби газ. лар ва бир қанча жур. лар нашр этилади. Габон матбуот агентлиги 1961 й. да тузилган. Габон радиоэшиттириш ва телекўрсатуви 1975 й. ташкил этилган бўлиб, у ҳукумат ихтиёрида.
Габон халқларининг анъанавий турар жойлари — тўғри бурчакли, томи икки томонга нишаб қилиб пальма шохларидан ёпилган ёғоч уйлардир. Либревиль марказида замонавий меъморлик бинолари (губернатор саройи, француз амалдорлари уйи, савдо дўкон-лари) қурилган. Ёғоч ўймакорлиги, фил суягидан безакли буюмлар ишлаш, бадиий тўқиш ва каштачилик ривожланган. Ёғочдан ишланган ҳайкалчалар ва бюстлар (фанг қабиласи), мис қоплаб силлиқ ишланган «мбулунгуму» шакллари (бакота қабиласи) ўзига хос миллий кўринишга эга.
«Йўл бўлсин, Кумба?» деган биринчи тўла метражли бадиий фильмни француз реж. А. Феррани билан габонлик С. Оже 1971 й. да яратди. «Тамтамлар тинди» (1972), «Жуз» (1975) фильмларида ижтимоий муаммолар ўртага қуйилган.