
ГАДОИЙ
ГАДОИЙ (тахаллуси; асл исми ҳозирча номаълум) (1403/04 — 15-а. охири) — шоир. Ғазал жанри, аруз илми ва шеърият қоидаларини яхши билган. Асосан туркий (ўзбек) ва қисман форс тилида ғазал, қитъа, туюқ, мустазод, қасидалар яратган. Гадоий ўз ижоди билан 15-а. ўзбек мумтоз шеърияти ривожига катта ҳисса қўшган. Хусусан, унинг ғазаллари мазмунан ҳаётийлиги, бадиий ва шаклан баркамоллиги билан ажралиб туради. Айрим ғазал ва қитьаларида шоирнинг ўз ҳаёти лавҳалари ва руҳий кечинмалари акс этган. Шеъриятида «чарх жафоси», «рўзғор жаври»дан фиғон, «ғурбат меҳнати» ва «роҳиблар тазйиқидан» шикоят оҳанглари сезилади. Гадоий шеърлари арузнинг халқ қўшиқларига яқин рамал, ҳазаж баҳрларида ёзилган; тили халқона содда, вазни енгил, шух ва уйноки. Гадоийнинг 15-а. 2-ярми — 16-а. бошларида номаълум котиб томонидан кучирилган «Девони Гадо» асари бор. Унга 2974 мисрадан иборат 230 ғазал, 1 мустазод, 1 касида, 5 қитъа, туюқ кирган. «Девон»даги қасида темурий шаҳзода Муҳаммад Жаҳонгир Мирзонинг ўғли Ҳалил Султон мадҳига бағишланган. Девон қулёзмаси Париж Миллий кутубхонасида (инв. № 981), микрофильми ва фотонусхаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик ин-тида сақланади. Гадоийнинг форсий-даги шеърлари Фаҳри Ҳиравийнинг «Радойиф ул-ашъор» тазкирасига киритилган. Гадоий шеърлари Туркия (1960) ва АҚШ (1971) да босилиб чиққан.
Ас: Шеърлар, Т., 1965; Девон, Т., 1973.