ГАЛЕН (Galenus) Клавдий (тахм. 129, Пергам — 201, Рим) — қад. рим врачи ва табиатшуноси. Шаркда Жолинус ҳаким номи билан машҳур. Тиббиёт ва фалсафага оид кўплаб асарлар муаллифи. «Инсон танасининг қисмлари ҳақида»ги мумтоз асарида биринчи марта бир бутун организмни анатомикфизиологик жиҳатдан тасвир-лаб берган. Ҳай-вонларда ўтказил-ган вивисекция тажрибаларини тиббиётга жорий килган. Гален шифобахш дорилар (қ. Гален препаратлари) деб аталувчи дори-дармонларни ҳайвон ва ўсимлик хом ашёларидан тайёрлаган. Табобат тарихида қон айланиш тўғрисидаги дастлабки ғояларни илгари сурган. Одам анатомияси ва физиологияси илмий диагностика, даволаш ва профилактиканинг асоси эканлигини кўрсатиб берган. Гален антик тиббиёт ҳақидаги тасаввурларни ягона таълимот тарзида умумлаштириб, 15—16-а. ларга қадар табиатшуносликнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатган. Гален файласуф сифатида сезгилардан ташқари ақл ҳам билиш ва ҳақиқат ман-баидир, деб ҳисоблаган. Перипатетиклар таълимоти б-н стоиклар таълимотини боғлаб олиб борган. Ўзининг номи билан аталувчи силлогизмнинг тўртинчи фигураси ҳамда тўрт мизож ҳақидаги таълимоти машҳур. Унинг «Фалсафа тарихя» асари олим вафотидан кейин тахм. 500-й. да тузилган бўлиб, у тиббиёт талабалари учун дарслик ҳисобланган. Гален таълимоти черков томонидан қонунлаштирилган ва у тиббиётда кўп асрлар мобайнида ҳукм сурган.