ГАЛИСИЯ

ГАЛИСИЯ — Испаниянинг шим.ғарбий қисмидаги мухтор вилоят, Атлантика океани соҳилида. Майд. 29,4 минг км2. Аҳолиси 3,15 млн. киши (1990-й. лар ўрталари). Маъмурий маркази — Ла-Корунья. Бош шаҳри — Сантьяго-де-Компостела. Галисия таркибига Ла-Корунья, Луго, Оренсе, Понтеведра провинциялари киради.

Галисияда қадимда галлеклар қабиласи яшаган, кейинчалик вилоят ҳам кабила номи билан аталган. 5-а. бошларида Галисияни свевилар, 8-а. бошларида араблар эгаллади. 718 й. да араблар мағлубиятга учрагач, Галисияни Астурия қироллари ўзла-рига бўйсундирдилар. Галисия 1065—72 й. лар-да мустақил қироллик бўлган, 1072 й. да Кастилияга қўшиб юборилган. 1936 й. Г. да референдум ўтказилиб мухтор вилоят эълон қилинди.

Рельефи тоғлик, бал. 400—600 м, шарқида 1800 м гача, тор даре водийлари б-н ўйилган. Қирғоқларида қулай табиий бухталар бор. Иқлими мўътадил океан иқлими, йилига 2500 мм ёғин ёғади. Кенг баргли тоғ ўрмонлари ва бутазорлар кўп.

Галисия асосан аграр вилоят. Чорвачиликда қорамол, чўчқа боқилади. Маккажўхори, жавдар, картошка экилади. Балиқ овлаш ва ўрмончилик катта аҳамиятга эга. ГЭС кўп. Кемасозлик ривожланган (мамлакат кемасозлигининг 1/2 қисми). Озиқ-овқат (балиқ, айниқса сардина консервалари и. ч.) саноати, автомобиль и. ч., нефтни қайта ишлаш ва алюминий з-длари бор.

Loading...