ГАЛЛЬ ЮРИШЛАРИ

ГАЛЛЬ ЮРИШЛАРИ, Юлий Цезарнинг галль юришлари — римликларнинг Юлий Цезарь бошчилигида Трансальп Галлияси ва Британияни босиб олиш мақсадида мил. ав. 58—51 й. ларда уюштирган 8 та ҳарбий юриши. Ҳоз. Швейцария худудида яшаган гельвет қабилаларининг ҳаракати Галль юришлари бошланишига туртки бўлган. Римнинг Галлия провинцияси ва Рим иттифоқчилари бўлган эдуй қабилаларини ҳимоя қилиш баҳонасида Цезарь гельветлар устига юриш қилиб уларни Бибракта яқинида тор-мор келтирган (мил. ав. 58), Шим. Галлия (ҳоз. Эльзас) даги свевларни Рейн ортига қувиб юборган, белглар ва б. қабилаларнинг қаршилигини синдирган, Цезарь Гал-лияда Рим гарнизонини жойлаштириб 57 й. да мамлакат забт этилгани ҳақида сенатга хабар берган. Бироқ галль қабилаларининг қўзғолонлари давом этмоқда эди. Қўзғолончиларни эҳтимол тутилган иттифоқчиларидан махрум этиш мақсадида Цезарь икки марта (55 ва 54) Британияга ҳарбий юриш уюштирган, икки марта (55 ва 53) Рейн дарёсини кечиб ўтган. 52 й. арвернлар қабиласи бошлиғи Верцингеториг раҳбарлигида умумий қўзғолон кўтарилган. Қўзғолончилар дастлаб, римликлар устидан Герговия ш. яқинида (ҳоз. Клермон-Ферран яқинида) ғалабага эришади. Лекин қўзғолончилар орасида аҳиллик бўлмагани, зодагонларнинг қўзғолон раҳбарига ишончсизлик билан қарашлари уларнинг кучини заифлаштирган. Цезарь Верцингеториг аскарини Алезия ш. да қамал килган ва унга ёрдамга келган қўшинни тор-мор келтирган ҳамда қамаддагиларни таслим бўлишга мажбур қилган. Қаршилик кўрсатишга уринган қабилалар 51 й. да бўйсундирилган.

Loading...