ГАЛЛИЯ — тарихий вилоят. По дарёси б-н Альп тоғлари оралиғи (Цизальпин Галлияси) ҳамда Альп тоғлари, Ўрта денгиз, Пиренеи я. о., Атлантика океани оралиғи (Трансальп Галлияси)да жойлашган. Мил. ав. 6-а. дан кельтлар (римликлар уларга галлар деб ном берган) келиб ўрнашган. Мил. ав. тахм. 220 й. Цизальпин Галлияси ҳудуди Римга тобе қилиниб унинг провинциясига айлантирилган. Мил. ав. 58—51 й. ларда Трансальп Галлияси ҳудуди Юлий Цезарь томонидан босиб олиниб, Римнинг 4 та провинцияси (Нарбонна Галлияси, Лугдун Галлияси, Аквитания ва Белгика) га бўлинган. Мил. 5-а. бошидан Галлия ҳудуди герман қабилалари томонидан босиб олина бошлаган ва 5-а. охирида Франк давлати таркибига кирган.