ГАЛОФИЛЛАР (юн. hals — туз ва… фил) — ўта шўрланган муҳитда ҳаёт кечирадиган организмлар. Галофилларга асосан 30%о дан кам бўлмаган шўрланишда ҳаёт кечирадиган стеногалин денгиз ҳайвонлари — нурлилар, фораминифералар, коралл полиплар, сцифоид медузалар, коралл рифларида яшовчи ҳайвонлар — кўпчилик нинатерилилар, бошоёқли моллюскалар, бир қанча қисқичбақасимонлар, кўп тукли ҳалқали чувалчанглар ва микроорганизмлар киради. Галофиллар гуруҳига материкдаги шўрланиш 24%о дан 100%о, ҳатто 300%о гача бўлган сув ҳавзаларида яшайдиган ҳайвонлар, мас, қисқичбақасимонлардан артемия, қонсўрар чивин (Aedes togoi) қурти ва б. киради. Галофиллар осморегуляция орқали танасидаги осматик фаол моддалар концентрациясини доимий, яъни улар яшайдиган денгиз сувидагига нисбатан паст даражада сақлаб туради. Кучли шўрланган ва шўрхок ерларда ўсадиган ўсимликлар галофитлар дейилади.