ГАЛОГЕНЛАР

ГАЛОГЕНЛАР (юн. hals — туз ва genes — туғилиш) , галоидларМенделеев даврий системаси VII гуруҳининг асосий гуруҳчасига мансуб кимёвий элементлар (фтор F, хлор С1, бром Вг, йод J ва астат At). Г. металлар билан бирикиб туз ҳосил қилади (мас, ош тузи NaCl). Г. нинг сиртки электрон қаватида 7 та электрон бор. Г. металлар билан бирикканида уларнинг бир электронини тортиб олиб, қайтарилади. (қ. Оксидланишқайтарилиш реакцияси). Галогенлар реакцияга киришувчан бўлиб, кўпгина кимёвий элементлар билан бевосита бирикади. Галогенлар металлар ва металлмаслар билан бирикиб галогенидлар, кислород билан оксидлар (фтордан ташқари) ҳосил қилади. Галогенларнинг атом радиуси ортиши билан кимёвий фаоллиги фтордан йодга томон камайиб боради. Оддий шароитда фтор ва хлор газ, бром суюқлик, йод ва астат қаттиқ моддалардир. Астат — радиоактив элемент. Г. молекуласи икки атомли. Барча Галогенлар (фтордан ташқари) сувда эрувчан. Бром билан йод трихлорэтан, этанол ва б. эритувчиларда яхши эрийди. Галогенлар (астатдан ташқари) табиатда кенг тарқалган; кўпгина минераллар таркибига киради. Денгиз сувлари таркибида бўлади; эркин ҳолда учрамайди. Кимёвий хоссалари жиҳатидан Галогенларга ўхшаш бўлган дициан (CN)2, диоксоциан (CON)2, дитиоциан (SCN)2 псевдогалогенлар, таркибида CN, CON, SCN гуруҳлари бор металлар тузлари псевдогалогенидлар деб аталади.

Loading...