ГАМЕТОГЕНЕЗ (гаметалар ва… генез) — жинсий ҳужайралар — гаметаларнинг ривожланиши. Ҳайвонларда Гаметогенез диффуз ва локал бўлади. Гаметалар диффуз Гаметогенезда тананинг истаган қисмида (ғовактанлилар, айрим бўшлиқичлилар, ясси чувалчанглар), локал Гаметогенезда махсус жинсий безлар — гонадаларда (кўпчилик ҳайвонларда) ҳосил бўлади. Умуртқали ва кўпчилик умуртқасиз ҳайвонларда гаметалар бирламчи жинсий ҳужайралар (гоноцитлар)дан вужудга келади. Гоноцитлар экто ёки эндодерма ҳисобидан биринчи мейотик бўлинишдан сўнг ёки эмбриогенезнинг дастлабки даврларида ҳосил бўлади. Умуртқали ва айрим умуртқасизлар муртагида содир бўладиган илк Гаметогенезда гоноцитлар гонадалар шаклланиши лозим бўлган жойдан узоқроқда пайдо бўлади ва қон, тўқима пластлари орқали ёки фаол ҳаракатланиб гаметалар ихтисослашган жойга кўчиб ўтади. Гаметогенез кечроқ рўй берадиган ҳайвонларда (гидралар, лишанкалар, қобиклилар) пайдо бўладиган ва улар ихтисослашадиган жой ўзаро мое келади. Гоноцитлар жинсий детерминация бўлганидан сўнг сперматогенез (уруғ ҳужайраларнинг кўпайиб, ихтисослашуви) ва оогенез (тухум ҳужайраларнинг кўпайиб ихтисослашуви) бошланади. Сут эмизувчиларда сперматогенезнинг айрим босқичлари ва умуман барча жараёнлари муддати қатъий белгиланган бўлиб, уларнинг тезлиги гормонал омилларга боғлиқ бўлмайди. Оогенезда эса тухум ҳужайраларнинг етилиши анча узоқ давом этади ва гормонлар таъсирида бўлади. Гаметогенезга онтогенезнинг илк босқичи сифатида қаралади. Гаметогенезнинг бузилиши уруғланган тухум ва бўлажак организмнинг ривожланишига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Гаметогенез ўсимликларда мегаспорагенез ва микроспорагенез деб аталади.