ГАН, Хан (Halm) Отто (1879.8.3, Франкфуртмайн — 1968.28.7, Гёттинген) — немис физиги ва радиокимёгари. Асосий илмий ишлари радиоактивлик, ядро кимёси ва ядро физикасига оид. Бир қанча изотопларни ва янги радиоактив элемент-протактинийни (австриялик физик Л. Майтнер билан ҳамкорликда) кашф этган; биринчи бўлиб табиий радиоактив элементларда ядро изомериясини очган (1921). Геологик жинсларнинг ёшини ва кристалларнинг ҳосил бўлиш жараёнларини аниқлашда радиоактив усулларни қўллаган; нейтронлар таъсири остида уран ядроларининг парчаланишини топган (немис физиги Ф. Штрасман билан ҳамкорликда, 1938). Бу кашфиёт ядро энергиясидан фойдаланишда дастлабки қадам бўлди. Нобель мукофоти лауреати (1944).