ГАНГ, Ганга — Ҳиндистон ва Бангладешдаги даре. Уз. 2700 км, ҳавзасининг майд. 1120 минг км2, Браҳмапутра билан биргаликда 2055 минг км2. Ҳимолай тоғларида 4500 м дан ҳам баландроқ жойлардан, ирмоқдари Бҳагиратҳи ва Алакнанданинг қўшилишидан бошланади. Ирмоқлар қўшилгач, Г. Ҳимолай тоғларининг чуқур дараларидан оқади. Ҳинд океанининг Бенгалия қўлтиғига қуйилади. Қуйилиш ерида Браҳмапутра б-н қўшилиб, жуда катта (100 минг км2) дельта ҳосил қилади. Энг йирик ирмоқлари: ўнгдан — Жамна, Сўн, Дамодар, чапдан — Гомати, Гҳагҳра, Гандак, Багмати, Гҳугри, Маҳананда. Юқори қисми тоғлардан, қуйи оқими кенг Ҳиндганг текислигидан оқиб ўтади. Ўзанининг кенглиги 400—600 м, қуйи оқимида 2 км, кўпдан-кўп шохобча, канал, қолдиқ ўзанлар бор, баъзан ботқоқликлар учрайди. Тўйиниши турлича: баланд тоғлардаги қор, Ҳимолай тоғларидаги музлик ва қуйи қисми муссон ёғинидан сув олади. Май—сент. ўрталарида тўлиб оқади. Авг. —сент. ойларида сув сатҳи 10—12 м га, баъзан 15 м гача кўтарилади. Гангнинг ўртача сув сарфи 13 минг м3/сек., қуйилиш ерида 38 минг м3/сек. Ганг (Браҳмапутра дарёси билан биргаликда) серсувлиги жиҳатидан ер шарида Амазонка ва Конгодан кейин 3-ўринда туради. Ганг океанга йилига ўрта ҳисобда 350 млн. т га яқин оқизиқ келтиради. Қуйилиш жойидан Ҳардвар ш. гача (1450 км) кема қатнайди. Гангнинг хўжаликдаги аҳамияти жуда катта. Ганг ва унинг ирмоқларл бўйида Оллоҳобод, Банорас (Варанаси), Патна, Агра, Деҳли, Калькутта каби йирик шаҳарлар жойлашади. Гангдан айниқса, ўрта оқимида суғоришда фойдаланилади. Ганг ҳиндуларнинг муқаддас дарёси.