ГАННОВЕР

ГАННОВЕР — Германиядаги шаҳар, Лейн дарёси бўйидаги порт, Қуйи Саксония ерининг маъмурий маркази. Аҳолиси 517 мингдан зиёд киши (1990-й. лар ўрталари). Т. й. ва ҳаво йўллари тугуни. Халқаро аэропорт бор. Саноат ва молиясавдо маркази. Машинасозлик, хусусан транспорт машинасозлиги, электротехника, резина, рангли металлургия, кимё, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати корхоналари бор. Ганновер атрофи ГФР даги йирик нефть олинадиган р-н. Г. да ҳар йили халқаро саноат ярмаркалари ўтказилади. Шахарда техника, ветеринария, пед. олий ўқув юртлари, мусиқа ва театр академияси, метрополитен, ун-т, опера театри, музейлар ва б. мавжуд. Меъморий ёдгорликлардан Эски ратуша (1413-55) ва Лейбниц уйи (1648-52) бор. Ганновер 12-а. дан маълум. 1866 й. дан 1945 й. гача Пруссиядаги Ганновер провинциясининг маъмурий маркази бўлган.