ГАНЗА (қад. нем. Hanse — иттифоқ) — Любек ш. бошчилигида шим. немис шаҳарларининг савдо ва сиёсий иттифоқи (14—16-а. лар; расман 1669 й. га-ча). Ганзанинг гуллаб яшнаган даври (14-а. нинг 2-ярми — 15-а. нинг бошлари) да бу иттифоққа 100 тача шаҳар. жумладан Ревель (Таллин), Дерпт (Тарту), Рига кирган. Ғарбий, Шим. ва Шаркий Европа ўртасидаги савдода воситачилик қилиб, Шим. Европа савдосида гегемон бўлган. Ганза флот ва айрим шаҳарларнинг қўшинларидан иборат ўзининг ҳарбий кучларига эга бўлган. Г. Европанинг ғарбида ва марказида тўқимачилик, кон саноатини ривожлантириб, Шаркий Европадаги бу соҳаларни тараққиётига тўсқинлик қилган. 16-а. ўрталарида Ганза ўз ўрнини голланд, инглиз ва француз савдогарларига бўшатиб берган.