ГАП

ГАП — муайян тил қонуниятига кўра грамматик ва интонациявий шаклланган нутқ бирлиги. Фикр шаклланиши ва ифодаланишининг асосий воситаси. Гап сўз, сўз бирикмаларига қарама-қарши қўйиладиган синтактик категориядир. Предикативлик, модаллик, хабар интонацияси, маром-оҳанг, тугалланганлик, сўзлар тартиби Гапнинг муҳим хусусиятларидандир. Коммуникативлик — Г. нинг бош вазифаси. Гаплар қуйидаги нуқтаи назардан тасниф қилинади: а) таркибидаги предикатив бирликнинг миқдорига кўра.

Бунда содда гап, қўшма гап фарқланади; б) коммуникатив вазифасига кўра. Бунда Гаплар 3 тур га бўлинади: дарак гап, сўрок гап ва ундов гап; в) эстетик вазифасига кўра эмоционал (сўзловчининг турли эмоциясини, эмоционал муносабатларни ифодаловчи) гап ҳамда интеллектуал (ҳеч қандай эмоцияларсиз фақат фикрнинг ўзини ифодалайдиган, коммуникатив вазифани бажарадиган) гаплар мавжуд. Гап бўлаклари Г. ни ташкил этувчи қисмлар ҳисобланади. Ўзбек, умуман туркий тиллар учун тил бирликларининг нутқда грамматик хусусиятлар асосида бирикувидан ташкил топган синтактик бутунликдан иборат Гаплар хосдир.

Loading...