ГАСТРЕЯ НАЗАРИЯСИ

ГАСТРЕЯ НАЗАРИЯСИ — кўп ҳужайралилар аждодлари тузилишининг ҳоз. замон кўп ҳужайрали ҳайвонлари онтогенезининг дастлабки даврларида (бластула ва гаструла) такрорланиши тўғрисидаги назария. Э. Геккель томонидан ишлаб чиқилган (1872). Гастрея назариясига кўра, барча кўп ҳужайралиларнинг аждоди колония бўлиб яшовчи бир ҳужайралилар бўлган, улар бластулага ўхшаш бир қават ҳужайралардан шарсимон колония — бластея ҳосил қилган. Бундан кейинги эволюция ҳоз. кўп ҳужайралилар эмбрионал ривожланишидаги инвагинация, яъни бластула деворининг ичкарига ботиб киришига ўхшаш бўлган. Бу ҳодиса туфайли гаструлага ўхшаш икки қават бўлиб жойлашган эмбрион — гастрея ҳосил бўлган. Ички ҳужайралар қавати — эндодерма ички бўшлиқни ўраб турган. Ички бўшлиқ бластопор тешик орқали ташқарига очилган. Гастреянинг тузилиши бўшлиқичлиларга ўхшаш бўлган. Шунинг учун ҳам Гастрея назарияси тарафдорлари бўшлиқичлиларни кўп ҳужайралиларнинг аждодлари дейишади.

Next Article

ГАСТРИТ