ГАВДА ТЕМПЕРАТУРАСИ

ГАВДА ТЕМПЕРАТУРАСИодам ва иссиқ қонли ҳайвонлар ҳароратининг кўрсаткичи; организмда иссиқлик узлуксиз ҳосил бўлиши ва атрофга чиқариб турилиши туфайли Гавда температураси доим бир хидда сақланади. Организмнинг ички муҳит ва тери т-раси фарқ қилинади. Ички аъзолар т-раси унда кечадиган биокимёвий жараёнлар жадаллигига қараб ўзгариб туради. Жигар ҳарорати юқори (39° гача), тери т-раси ички аъзолар т-расига нисбатан анча паст бўлади. Одатда қўлтиқ, баъзан оғиз бўшлиғи, тўғри ичак т-раси ўлчанади. Одамда Гавда температураси қўлтиқдан ўлчанганда аксари 36—36,8° бўлади (баъзи кишиларда 36° дан сал паст ёки 37°дан сал юқори бўлиши мумкин). Гавда сиртидаги ҳарорат ички аъзолар т-расидан анча паст. Гавда температураси тўғри ичакдан ўлчанганда қўлтиқдагига нисбатан 0,5—0,8° ортиқ чиқишининг сабаби ҳам шу. Гавда температураси кун бўйи озгина ўзгариб туради, эрталаб камроқ, кундузи соат 12—16 ларда юқорироқ бўлади. Ташқи муҳит шароитлари но-қулай бўлганида ёки киши жисмоний зўриққанда, шунингдек турли касалликларда ёки терморегуляция бузилганда (гипертермия) Г. т. ўзгаради. Кўпинча яллиғланиш ва юқумли касалликлар ҳароратнинг кўтарилиши билан кечади (қ. Иситма), касалликка ташҳис қўйишда бунинг аҳамияти катта. Турли заҳарланишлар, тинкани қуритадиган касалликларда Гавда температурасининг пасайиши (гипотермия) кузатилади. Гавда температураси тиббиёт термометри б-н ўлчанади.

Loading...