ГАВДА ВАЗНИ (антропологияда) , одамнинг оғирлиги ёки массаси — жисмоний тараққиёт ва тан сиҳатликнинг асосий кўрсаткичларидан бири. У ёшга, жинсга, бўй-бастга, меҳнат ва турмуш тарзига, овқатга ва ташқи муҳитнинг бошқа омилларига боғлиқ. Гавда вазни шунча бўлиши керак деган аниқ бир чегара қабул қилинмаган, лекин одам етарли ва тўғри овқатланмаганда, моддалар алмашинуви бузилганда, эндокрин ва асабий-руҳий касалликларда Гавда вазни камаяди. Жисмоний тарбия ва спорт машғулотлари, кўп терлаш ва пуст ташлашдан (чақалоқларда) кейин Гавда вазни анча камаяди, аксари орадан маълум муддат ўтгач, аввалги аслига келади. Овқатга ружу қилиш, бадан тарбия ва б. фаол ҳаракатлар қилмаслик кишининг семириб, Гавда вазнининг ортиб кетишига сабаб бўлади.