ГАВҲАР — қимматбаҳо тош; бриллиант, жавоҳир; сунъий усулда қирраланган, тарашланган ва сайқал берилган олмоснинг халқтилидаги номи. Томонлари 6, 8, 12, 16, 24, 36, 48 ва ундан кўп қиррали бўлади. Қирраларига тушган нур турли рангларга парчаланиши туфайли Гавҳар камалакдек товланади. Зирак, узук, шода, тўғноғич каби зийнат буюмларига ишлатилади. Йирик Гавҳарлар асрлар бўйи сақланиб, кўпинча уларда қайси йили кимнинг қўлига тушганлиги ва қаерда сақланганлиги ёзилган бўлади. Бундай Гавҳарлар тарихий аҳамиятга эга бўлиб, махсус рўйхатга олинади. Халқ тилида дур, марварид ва б. қимматбаҳо тошлар ҳам Гавҳар деб юритилади (яна қ. Олмос).