ГАВҲАРШОД БЕГИМ МЕЪМОРИЙ МАЖМУАСИ — 1) Машҳад (Эрон) марказида Ҳирот ҳукмдори Шоҳрух Мирзонинг хотини Гавҳаршод бегим шарафига (меъмор Қавомиддин Шерозий) қурилган (1405—19) масжид. Атрофи айвонли катта ҳовли (55×45 м) нинг тўрт тарафида тўрт хона бўлиб, уларнинг жан. дагиси катта ва гумбазли. Унга минорали улкан пештоқ орқали кирилган. Миноралар тепаси қафаса билан безатилган. Масжидга рангли кошинлардан нафис ва гўзал безаклар ишланган. Масжиднинг шим. томонида Имом Ризо мақбараси, шарқ томонида Мадраса, ғарбида эса шаҳар карвон саройи жойлашган бўлиб, булар масжид билан йўлакча орқали ўзаро боғланган.
2) Ҳирот (Афғонистон) Мусаллосидаги катта меъморий ёдгорлик (1418 — 38). Масжид, Мадраса ва темурийлар авлоди мақбарасидан иборат бўлиб, Шохрухнинг хотини Гавҳаршод бегим саъйэҳтимоми билан 20 й. мобайнида қурилган (кейинчалик мақбарага Гавҳаршод бегимнинг ўзи, ўғли Бойсунғур Мирзо дафн этилган). Бош меъмор — Шоҳрухнинг сарой меъмори Қавомиддин Шерозий. Мақбара ёнига кейинчалик Ҳусайн Бойқаро маҳобатли Мадраса ва хонақоҳ қурдирган. Катта кисми, жумладан мадрасанинг ўзи ҳам сақланмаган, мақбара, 8 минорадан 1 таси, масжид ва мадрасанинг харобаларигина сакланиб қолган. Мусаллонинг бош биноси — масжид 106×64 м майдонни эгаллайди. Баланд пештоқдан масжид ҳовли (52×49 м) сига кирилади. Ҳовлининг атрофи 4 айвон ва икки қаватли турли хоналар билан ўралган, у қурбон ва рўза ҳайитлари, жума намозларини ўқишга мўлжалланган. Гавҳаршод бегим мадрасаси ҳовлининг шим. да бўлиб, масжиднинг ҳам, мадрасанинг ҳам бурчакларида миноралар бўлган, улар мармар ва кошин қоплаб безатилган. Мурабба тарҳли мақбара 1432 й. да қуриб тугалланган, айниқса, унинг қовурғали гумбази ўзига хос жозибали. Гумбаз сиркор ғишт териб нақшланган, унинг қурилишида меъмор Имомиддин, ҳиротлик усталар — Хожа Мирали Ҳиравий ва Хожа Мирак Ҳиравийлар катнашган. Ичкаридаги нозик ва нафис наққошлик безакларини Бойсунғур Мирзо яратган