ГАВҲАРШОД БЕГИМ, Гавҳаршод оға (1379—1457) — Шоҳрухшмт хотини. Жанглардан бирида Чингизхонни ўлимдан сақлаб қолган мулозим Қишлик авлоди — чиғатоий зодагон Ғиёсуддин тархоннинг қизи. 1393 й. Шоҳрухга теккан, ундан уч ўғил (Улуғбек, Бойсунғур, Муҳаммад Жўқи) ва икки қиз кўрган. Шоҳрух давлатни идора қилишдан кўра кўпроқ тоат-ибодат, диний китоблар мутолааси билан машғул бўлмоқни афзал кўрганидан, аввал унга девон ишларини бошқаришни, сўнг вилоят ҳокимлари ва қўшин саркардаларини тайинлаш, ҳатто кимга қандай инъому, кимга қандай жазо бериш ҳуқуқини ҳам топшириб қўйган. Mac, 1440 й. машҳур тарихчи — Фасиҳ Аҳмад Хавофий Гавҳаршод бегимнинг буйруғи б-н икки марта зиндонга ташланган.
Гавҳаршод бегим салтанат тахтига валиаҳд тайинлаш борасида ҳам ўз ихтиёри бўйича иш тутиб, Шоҳрухнинг Муҳаммад Жўқини тахт вориси қилиб тайинлаш ниятида эканлигига қарамай, набираси Алоуддавлани валиаҳдликка муносиб кўради. Чунончи, у 1444 й., Шоҳрух оғир бетоб бўлиб қолганда махфий фармон билан Алоуддавлани валиаҳдликка тайинлайди. Аммо, Шоҳрух тез кунда шифо топиб, унинг бу режаси амалга ошмай қолади. Гавҳаршод бегим Қазвин, Рай, Қум вилоятлари ҳокими — набираси Султон Муҳаммад Ҳамадон ва Исфаҳонни эгаллаб, Шерозни қамал қилганда (1446) Шоҳрух билан биргаликда унга қарши қўшин тортадида, Султон Муҳаммадни исёнга ундаган амалдорлар қаторида бир неча саййидларни ҳам қатл этмоқни Шохрухдан қаттиқ талаб қилади. Шунда Шоҳрух унинг сўзига кириб, ҳатто Амир Темур ҳам қатл этмоққа журъат қилмаган саййидларни ўлимга буюради. Саййидлар дор остида туриб Шоҳрухни дуои бад қиладилар. Кейин, Шоҳрух Шероздан Ҳиротга қайтаётиб йўлда тўсатдан вафот этади (1447 й. 12 март). Давлатшоҳ Самарқандий Шохрухнинг ўлими ва унинг авлодларининг тез орада қирилиб кетганини мазкур саййидларнинг қарғиши билан боғлайди. Шундан сўнг Гавҳаршод бегим қўшин қўмондонлигини набираларидан бири — Абдуллатифга топшириб, Алоуддавла Мирзога Ҳирот мудофаа иншоотларини мустаҳкамлаш зарурлиги ҳақида махфий мактуб йўллайди. Бундан огоҳ бўлган Абдуллатиф бувиси Гавҳаршод бегимни ҳибсга олиб, отаси — Улуғбекка бобоси Шоҳрухнинг вафот этгани хусусида хабар жўнатади. Натижада темурийлар ўртасида тахт учун кураш бошланиб, Султон Абу Сайд Ҳиротни эгаллайдида, Гавҳаршод бегимни қатл қилади. Гавҳаршод бегим Бойсунғур дахмасига дафн қилинган (қ. Гавҳаршод бегим меьморий мажмуаси).
Ад.: Файзиев Т., Темурийлар шажараси, Т., 1995.