ГАВИАЛ

ГАВИАЛ (Gavialis gangeticus) — тимсоҳлар туркумига мансуб тур. Танасининг уз. 6,6 м гача, орқа томони қорамтир, қўнғир-яшил; қорин томони сарғиш-яшил. Тумшуғи узун ва ингичка, олдинги учи кенгайган. Эркаклари тумшуғининг кенгайган учида юмшоқ тўқимадан иборат ўсимтаси бўлади. Бу ўсимта ҳинд сопол тувагига ўхшаш бўлганидан бу ҳайвонларга гавиал, яъни тувак (ghara) деган ном берилган. Тишлари узун, ингичка ва ўткир, юқори жағида 27 та, пасткисида 24 та. Ҳиндистон я. о. ва Мьянмадаги Ҳинд, Ганг, Маханади, Браҳмапутра, Колодана дарё тизимларида тарқалган. Асосан балиқлар, баъзан қушлар ва майда сут эмизувчилар, ўлимтиклар билан озиқланади. Ҳаётининг кўп қисмини сувда ўтказади. Урғочиси 40 тагача тухум қўяди. Гавиал одам учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Ноёб тур сифатида Халқаро Қизил китобга киритилган.