ГАЙМОРИТ — юқори жағ суяги бўшлиғи (қ. Гаймор бўшлиғи) шиллиқ қаватининг яллиғланиши. Кечишига кўра ўткир, ўртача ўткир ва сурункали хиллари фарқ қилинади. Шамоллаш, грипп, тумов ва б. инфекцион касалликлар, шунингдек бурун бўшлиғи ва чириган тишдан яллиғланиш жараёнларининг Гаймор бўшлиғига тарқалиши, баъзан юқори жағ суягининг шикастланиши сабаб бўлади. Ўткир Гайморитни вақтида даволамаслик ёки чала даволаш, баъзан аллергия оқибатида сурункали Гайморит рўй бериши мумкин. Гайморитда беморнинг дармони қурийди, эти увишади, ёноқлари шишади, ҳарорати кўтарилади, юқори жағи ва боши оғрийди, бошини бурганда оғриқ зўрайиб, бурни битади; кўпинча буруннинг бир томонидан йиринг (йирингли Гайморит) ёки шилимшиқ (катар а л Г.) оқади, бурундан нафас олиш қийинлашади. Ярим ўткир ва сурункали Гайморитда касаллик аломатлари бирмунча суст намоён бўлади. Сурункали Гайморит баъзан яширин кечиб, сепсис, менингит, бош мия абсцесси ва б. жиддий асоратлар авж олиши мумкин. Гайморитнинг олдини олиш учун организмни чиниқтириш, спорт билан шуғулланиш, соф ҳаво ва сув муолажаларидан баҳраманд бўлиш, шунингдек тумов, тиш чириши ва б. касалликларни ўз вақтида даволатиш керак. Ўткир Гайморитда турли дори-дармонлар буюрилади, сурункалида кўпинча жарроҳлик усули қўлланилади.