ГАЗ АЛМАШИНУВИ

ГАЗ АЛМАШИНУВИнафас олиш, фотосинтез ва б. жараёнларда газларнинг организм билан ташқи муҳит ўртасида алмашинуви. Организм нафас харакатлари вақтида кислород олиб, карбонат ангидрид, моддалар алмашинувининг бошқа газсимон маҳсулотлари ва сув буғини чиқаради; бу деярли барча организмдаги моддалар алмашинуви жараёнининг зарур ҳолати. Кислородсиз диссимиляция жараёни содир бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун организм истеъмол қилган кислород микдорига қараб, унда содир бўладиган оксидланиш жараёнининг жадаллиги ва шу билан бирга пайдо бўлаётган энергия миқдори ўзгаради. Углеводлар, ёғлар ва оқсиллар оксидланганда энергия ажралиб чиқади. Қабул қилинадиган кислород билан чиқариладиган карбонат ангидрид миқдори организмнинг ҳаёт фаолияти шароитига, муҳит т-расига, овқат таркиби ва б. га қараб турлича бўлади. Организмнинг кислородга эхтиёжи ортганда газ етказиб берувчи аъзо ва системаларнинг фаолияти бошқача бўлади: нафас ва қон айланиши тезлашади, қоннинг физик-кимёвий хоссалари ўзгаради. Бир ҳужайрали организмларда Газ алмашинуви оддий диффузия йўли билан кечади. Одам ҳамда юксак ҳайвонларда Газ алмашинувини таъминлайдиган махсус аъзо ва системалар эволюция жараёнида вужудга келган ва ривожланган. Одамдаги Газ алмашинуви клиникаларда текширилади, бу касалликни аниқлашда диагностик аҳамиятга эга. Ҳайвонлардаги Газ алмашинувини ўрганиш кўпгина биологик муаммоларни ҳал қилиш имконини беради.

Loading...