ГАЗ БАЛЛОНЛИ АВТОМОБИЛЬ — сикилган ёки суюлтирилган ёнувчи газларда ишловчи автомобиль; газ баллонлари автомобиль шассисига, баъзан тепасига ўрнатилади. Табиий газлар, нефтни кайта ишлаш ва қазиб олишда йўлакай олинадиган газлар ва тош кўмирни қайта ишлаб олинадиган кокс газлари сиқилган ҳолатда бўлади. Сиқилган газ баллонга 20 МН/м2 гача босим билан ҳайдалади. Суюлтирилган газлар: пропан-бутан ва пропилен-бутилен одатдаги т-рада суюлтирилиб, баллонларга 1,6 МН/м2 босим б-н ҳайдалади; суюлтирилган метан газ атмосфера босимида ва —161,3° т-рада суюлтирилиб, 1 МН/м2 босим билан изотермик баллонларга ҳайдалади. Газ баллонли автомобильнинг суюқ ёнилғида ишлайдиган автомобиллардан афзаллиги шундаки, бунда двигатель деталлари кам ейилади, қисиш даражасини ошириш ҳисобига двигатель қувватини ошириш имкони бўлади, ёнилғи тежалади, двигателдан чиқадиган газларнинг заҳарлилиги камаяди.