
ГАЗ ГОРЕЛКАСИ
ГАЗ ГОРЕЛКАСИ — газни ҳаво (кислород) билан аралаштириб, ёнувчи аралашма ҳосил қиладиган мослама. Қиздириш асбоблари, печлар, газ плиталари, қозон ўтхоналари ва б. га ўрнатиб ишлатилади. Газ горелкаси асосий (доимо ишлаб туришга мўлжалланган) ва ёрдамчи хилларга. кенг ва ингичка аланга ҳосил киладиган, аралашмани уюрмали ёндирадиган ҳамда алангаси узун ва тўғри оқиб ёнадиган хилларга бўлинади. Газ горелкаси газ ва ҳаво каналларига бўлинган корпусдан иборат. Ҳаво ва газ қувурлари Газ горелкасига калта найча орқали уланади. Берилаётган газ босимига караб, Газ горелкаси паст босим (5кПа гача), ўрта босим (5—300 кПа) ва юқори босим (300 кПа дан юқори) горелкаларига бўлинади. Газ асбоби хилига қараб, горелкалар сони ҳар хил бўлади. Mac, тўрт камфарали газ плиталарида 4 та Газ горелкаси ишлатилади. Газ горелкаси узун ва думалоқ қилиб ишлаб чиқарилади. Умуман, Газ горелкаси диффузион, инжекцион, газ турбинали, аралаш (газмазутли, чанг-газли) хилларга бўлинади. Диффузион Газ горелкасида ёқиш камерасига газ ва ҳаво келади. Газ ва ҳавонинг аралашуви ёниш камерасида юз беради. У саноат печлари ва қозонларида ишлатилади. Инжекцион Газ горелкасида ҳаво газ оқими энергияси ҳисобига сўрилади (инжекцияланади), ҳаво билан газнинг аралашуви горелка корпуси ичида юз беради. Бундам горелкалар иссиқхоналарни иситишда, нефтни қайта ишлаш з-длари печларида, бошқа саноат печларида ишлатилади. Газ турбинали Газ горелкасида ҳаво газ турбинаси ҳаракатга келтирадиган вентилятор ёрдамида берилади. Унинг иш унумдорлиги келаётган газ босими катталиги билан тартибга солиб турилади. Бундай горелка катта газ қозонларида ишлатилади. Ёруғлик берувчи аланга ҳосил қилиш зарур бўлган ёки газнинг ўзи билан зарур т-ра ҳосил қилиб бўлмайдиган ҳолларда аралаш Газ горелкасидан фойдаланилади. Металларни пайвандлаш ва қирқишда ишлатиладиган Газ горелкаси ҳақида Кислород билан кесиш мақоласига қ.