ГАЗ ТАҚСИМЛАШ

ГАЗ ТАҚСИМЛАШ (ички ёнув двигателларида) — ички ёнув двигатели киритиш ва чиқариш органларининг даврий ҳаракати (очилиб-ёпилиши) натижасида юз берадиган жараён. У двигатель цилиндрининг янги заряд билан тўлишини (сўриш, кириш) ва иш бажариб бўлган газнинг цилиндрдан чиқиб кетишини (чикариш, чиқиш) таъминлайди. Двигателнинг тури ва тузилишига қараб, Газ тақсимлаш клапан (қопқоқ)ли, шайбали, золотникли (клапансиз), тирқишли ва аралаш бўлиши мумкин. Кема ва тепловоз ички ёнув двигателлари (дизеллар)даги Газ тақсимлаш тизимида қўшимча кулачоклар ва реверсив қурилмалар (қ. Реверс) бўлади. Булар двигатель тирсакли валининг айланиш йўналишини ўзгартиришга имкон беради.